9 Октябр 2025 йил 378

Пойтахтимизда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш юзасидан профилактик тадбирлар ўтказилди

Давлатимиз раҳбарининг топшириғига кўра, ҳафтанинг ҳар пайшанба куни “Профилактика куни” этиб белгиланган бўлиб, бугун ҳам Тошкент шаҳрининг барча туманларида кенг миқёсдаги профилактик-тарғибот ишлари олиб борилди. Туман ИИО ФМБ, ҳокимият, прокуратура, суд ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда ўтказилаётган тадбирлар эрталабки кенгайтирилган йўриқномалардан бошланди. Йўриқномада ҳар бир соҳа вакилларига амалга оширилиши керак бўлган ишлар юзасидан кўрсатмалар берилди.
Профилактика куни доирасида туманларда пробация ҳисобида турувчи шахслар билан тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилди, шунингдек сайёр судлар ташкил этилди. Сайёр суд мажлисида пробация ҳисобида турувчи шахслар ўзини намунали хулқи ва тузалиш йўлига ўтганлиги сабабли муддатидан илгари жазодан озод қилишни сўраб қилган мурожаатлари ўрганиб чиқилди. Бир нечта маҳкумлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасига биноан муддатидан аввал шартли озод этилди. Пробация назорати қоидаларини бузган шахсларга эса суд томонидан оғирроқ жазо тайинланди.
Шунингдек, туман ИИО ФМБ раҳбарлари иштирокида содир этилган жиноятлар муҳокамалари ўтказилди. Жамоатчилик вакиллари, маҳалла еттилиги ва фаоллари, пробация назорати остидаги шахслар иштирокида ўтказилган муҳокамаларда содир этилган жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шароитлари таҳлил қилинди. Келгусида бу каби жиноятларга йўл қўймаслик борасида мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Шу куни ИИО ходимлари ва маҳалла масъуллари томонидан низоли оилалар ҳолидан хабар олинди, уларнинг муаммолари ўрганилди ва ҳал этиш чоралари кўрилди.
Таълим муассасаларида ўтказилган тарғиботлар давомида юртимизда кўп учраётган жиноятлар ва улардан ҳимояланиш йўллари, жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлиги, билиб-билмай жиноят йўлига кириб қолмаслик ҳақида тушунтиришлар берилди.
Бу каби профилактик тарғибот ишлари содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни олдини олишда ўз самарасини бериши шубҳасиз.

Барча янгиликлар

Text to speech