29 Ноябр 2025 йил 296

Пойтахтимизда “Ҳар бир мурожаатга – адолатли ечим” ойлиги бошланди

Президентимизнинг ташаббуси билан юртимизда инсон манфаатлари устувор қўйилиб, аҳоли билан очиқ мулоқотни кучайтириш ҳамда уларнинг муаммоларини ўз вақтида ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз томонидан қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар ижросини таъминлаш ҳамда улар асосида олиб борилаётган ишлар натижакорлигини ошириш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББ ва ҳудудий тузилмалари раҳбарияти томонидан шахсий ва сайёр қабуллар тизимли равишда ўтказилиб, фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб, уларни қонуний ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда.

Қабуллар давомида раҳбарлар аҳоли билан очиқ ва бевосита мулоқотга киришиб, турли ижтимоий-маиший, ҳуқуқий масалалар, оилалардаги низолар, профилактика ишлари, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва бошқа соҳалардаги мавжуд муаммоларни ўрганиб, ҳал қилмоқда. Энг муҳими, мурожаатлар фақат ёзиб олиниб, ижроси ортга сурилмай, балки шу ернинг ўзида ҳал этилиши мумкин бўлган масалалар қонуний ечимини топяпти. Бу эса фуқароларнинг ортиқча сансалорликдан қутқариб, қимматли вақтларини тежамоқда ва уларнинг миннатдорлигига сабаб бўляпти. Аҳолини қийнаб, ўйлантириб келаётган муаммоларга диққатни қаратиш, ижтимоий яқинлашиш, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш, ҳақ-ҳуқуқларини кафолатлаш, фуқаролар ва ички ишлар органлари ўртасидаги ўзаро ишончни кучайтириш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида, пойтахт ИИББ ва ҳудудий тузилмаларида жорий йилнинг 27 ноябридан “Ҳар бир мурожаатга – адолатли ечим” шиори остида “Мурожаатлар ойлиги” тадбири бошланди. Фикримизнинг далили сифатида қатор мисолларга юзланамиз.

Яккасарой туманида истиқомат қилувчи С.Рисолатхон танишига катта миқдорда қарзга пул бериб, қайтариб ололмаётгани ҳақида, О.Саидахон қизининг номидаги уйда яшаб келаётгани, аммо айни вақтда фарзанди билан уй масаласида можаро юзага келганлиги сабабли уй-жой масаласини ҳал қилишда ёрдам сўраб мурожаат қилишган. Терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилиши натижасида Рисолатхон берган пулларнинг катта қисми қайтарилди, Саидахонга фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиши юзасидан ҳуқуқий тавсиялар берилиб йўл-йўриқ кўрсатилган.

Юнусобод туманида яшовчи М.Ферузанинг яшаш манзили йўлагига кузатув камераси ўрнатиб бериш борасидаги мурожаати ижобий ҳал этилди. Шунингдек, Ч.Ўткир унга нисбатан ҳақоратомуз хатти-ҳаракатлар бўйича юритилган ишнинг, Н.Дониёр ўғли билан содир этилган тан жароҳати жинояти бўйича тўпланган ҳужжатларнинг судга оширилиши муддати чўзилаётгани ҳақидаги мурожаатлари ўрганиб чиқилди. Тўпланган ҳужжатлар бўйича текширув якунланиб, қисқа муддатга судга юборилиши таъминланди.

Бу каби халқ ичига кириб бориш, уларнинг дарду ташвишлари билан яшаш, конституциявий ҳақ-ҳуқуқларини тўлиқ кафолатлашга қаратилган тадбирлар “Мурожаатлар ойлиги” доирасида янада жадаллаштирилиб, адолатли ечими таъминланади. Ҳолбуки, тадбирдан кўзланган асосий мақсад ҳам ана шу.

Барча янгиликлар

Text to speech