Ҳар бир касб ўз эгаси билан чиройли. Зотан, касбга иштиёқ ва ҳавас уйғотиш, ортидан бошқаларни эргаштириш касб эгасининг юриш-туриши, муомаласи, одоб-ахлоқи, хатти-ҳаракати, обрў-эътибори, касбига қандай ёндашишига қараб белгиланади. Олимжон ака ҳам ички ишлар органларида 1970 йил охирларида Жиззах вилояти ички ишлар органларида фаолиятини бошлаган. Ўша йилларда сиртдан замон тинч кўринса-да турли кўринишдаги жиноятлар бот-бот содир этиларди. Уларга қарши курашда ҳозиргидек замонавий техник воситалар, асбоб-анжомлар, технологиялар йўқ эди. Шунга қарамай ички ишлар ходимлари ўз ишларини виждонан, ҳалол бажаришиб, жўн услуб ва мантиққа таянган ҳолда айбдорларни аниқлаб, жиноятга жазо муқаррарлигини таъминлашарди. Турли соҳаларда фаолият юритиб чиниққан, тажриба орттирган Олимжон ака вилоятнинг бир неча туманларида бошлиқ лавозимларида ишлаб подполковник унвонида нафақага чиқди. Айни пайтда нафақада бўлишига қарамай тез-тез ички ишлар органларига таклиф этилиб, ёшларга ўз тажрибасини ўргатиш, йўл-йўриқлар бериш баробарида маҳаллада жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, ободонлиги борасида амалга ошириб келинаётган ишларга бош-қош. Олимжон аканинг йиллар оша тўплаган тажрибаси, малакаси ҳамон иш бермоқда, зоеъ кетаётгани йўқ. Отасининг юрт осойишталиги ва тинчлигини сақлаш, жиноятчиликка қарши кураш ишига ўзини бахшида этганлиги, ўз ишига фидойилиги унинг ўғли Элёрда ҳам шу касбга иштиёқ уйғотган. Айни вақтда подполковник Элёр Мажидов пойтахт ИИББда масъул лавозимда сидқидилдан фаолият юритиб келмоқда. Бобоси ва отасининг узун тунлар иш юзасидан суҳбатларини эшитиб, жиддий масалаларда баҳс-мунозараларига гувоҳ бўлган, жиноятчилар билан басма-бас келган вазиятлар, хавф-хатарга тўла воқеалар ҳақида эшитиб вояга етган Аббосхон мактаб давридаёқ тенгдошларидан фарқли ўлароқ аллақачон касбини танлаб бўлган ва бу ҳақда ота-онаси хабардор эди. Отаси Элёр ака ва онаси Дилдора опа унинг қарорини қўллаб-қувватлаганда, бобоси Олимжон ака фахр ва қувончдан узоқ вақт неварасини бағрига босиб турганди. 9-синфни битиргач, ИИВнинг 1-сон Тошкент академик лицейига ўқишга кириб, уни 2022 йилда муваффақиятли тамомлаган лавҳамиз қаҳрамони Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясига ҳужжатларини топширди. Мана бугун Аббосхон Академиянинг 3-курс тингловчиси. Ўқиш жараёнида фаол ва тиришқоқ. Айни дамда ИИВ Академияси тингловчилари пойтахт ИИББ туманларида малакавий иш ўрганиш амалиётини ўташга киришганлар. Соҳанинг тергов йўналишида таҳсил олаётган Аббосхон Юнусобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлимида амалиёт ўтамоқда. Устозлари бўлим катта терговчиси, майор Ҳамид Қурбонов, терговчи, лейтенант Абдураҳмон Исаевлар соҳага кириб келаётган бўлажак ёш терговчи Аббосхон Олимжоновга билим юртида олган назарий билимларини амалиётда қўллаш, малакасини ошириш, танлаган касбининг ўзига хос жиҳатларини ўргатиш бўйича масъулдирлар.
– Бобоси ва отасидан озми-кўпми ички ишлар органлари фаолияти ҳақида тушунчалар олган Аббосхонга иш услубларини тушунтириш, йўл-йўриқлар бериш осон,–дейди лейтенант Абдураҳмон Исаев. – Ундаги қизиқиш, тиришқоқлик, синчковлик энг асосийси, ўз касбининг етук ва билимдон мутахассиси бўлишга интилиши эътирофга лойиқдир.
Ички ишлар органларида сидқидилдан ишлаб, эл-юрт, Ватан манфаатларини ҳимоя қилиб келаётган ходимларимиз орасида бу фаолиятнинг давомчи вакиллари аксариятни ташкил қилади. Юртимиз тинчлик-осойишталигини сақлашга бел боғлаган Аббосхон Олимжонов шундай сулоланинг учинчи авлод вакили ҳисобланади. Бобоси ҳамда отасининг изидан бориб, уларга муносиб авлод бўлиш, ишини самарали давом эттириш йўлида ўқиб-изланаётган Аббосхонга бу йўлда муваффақият ва улкан ютуқлар тилаб қоламиз.