Муқаддам фирибгарлик, сўнг гиёҳванд моддалари олди-сотдиси билан шуғулланиб қамалиб чиққан Баҳриддиннинг олдида иккита савол турарди. Нима қилсин: гиёҳванд моддалари олди-сотдиси билан шуғулланса тезроқ бойийди аммо жазоси қаттиқ, фирибгарлик қилса, катта пулга тушадиган лақмани топиш керак, аммо йиғи-сиғи қилиб, нари борса, пулини қайтариб енгилроқ жазо олиши мумкин. Ҳа, гиёҳвандлик оғир, “қўнғироқдан қўнғироққача ўтиришга” тўғри келади. У ўйлаб-ўйлаб биринчисини танлади. Бозорга борди. Деҳқонлар, тўғрироғи, – яшириб нима қилдик – олиб-сотарларнинг қўли-қўлига тегмайди. Бозорни ўрганган бўлди. Ҳозир нима – пиёзнинг бозори чаққон экан. У тўппа-тўғри айнан пиёз олди-сотдиси билан шуғулланувчи “каттасининг” олдига бориб, Сирдарё вилоятидан арзон пиёз келтириб беришига ишонтириб, 69.000.000 сўмни қўлга киритди. Бу воқеа 2022 йилнинг ноябрь ойида бўлаётган гап. Баҳриддин бирор далилсиз унинг таклифига лаққа тушган Одилнинг ишончига кириш ва яна “шилиш” ниятида уни 2023 йилнинг январь ойида қаҳвахонага таклиф қилди. Учрашувда у пиёзнинг нархи кўтарилаётгани, иккиланмай яна фалон тонна кўтарасига харид қилса, остонаси тиллодан бўлишини маслаҳат солади. Одил эртаси куни унга қўшимча хариди учун 91 миллион сўм беради. Шу-шу пиёз машмашаси ўрнини қидир-қидир, изла-топ, югур-югур, ҳали бошини, ҳали юрагини чангаллаш эгаллайди.
— Жабрдийда фирибгарнинг оғзаки ваъдаси, сохта яшаш манзилига ишониб унга юқоридаги пулларни бериб юборади, — дейди Яшнобод туман ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси, майор Тигран Тожибоев. — Муқаддам фирибгарлик жинояти учун судланиб, “ўтириб” чиққан Баҳриддин бу гал режани пухта тузиб, унинг қилмишини фош этадиган кўплаб ҳаракатларнинг олдини олган, ўта эҳтиёткорлик билан иш кўрганига қарамай унинг жиноий қилмишлари фош этилди. Ва жиноятга жазо муқаррарлиги таъминланди.
Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди очиқ суд мажлисида 1985 йилда туғилган Қ.Баҳриддиннинг қилмишларини ўрганиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Унинг қилмишидан пушаймонлиги, етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлиги, қарамоғида уч нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини инобатга олиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, 2 йилу 8 ойга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилди.
Шу ўрнида айтиш мумкинки, Баҳриддин жиноят йўлига яна қайтиб, ўзини ўзи алдагани, етмаганига оиласи, фарзандлари, яқинлари олдида ишонч ва ҳурматини йўқотиб беобрў бўлгани ҳақида чуқур ўйласа, ўзи учун фойдали хулоса чиқарган бўлармиди.