19 Декабр 2022 йил 1934

Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан пиротехника воситаларининг қонунга хилоф муомаласи билан боғлиқ ҳолатларни аниқлашга қаратилган ишлари тўғрисида

Пойтахтимизда Янги йил байрами арафасида Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари бошқа манфаатдор ташкилотлар вакиллари билан ҳамкорликда пиротехника воситаларини аниқлаш ва мусодара қилиш бўйича махсус профилактик тадбирлар ўтказмоқдалар. Қоидабузарларга нисбатан тегишли чоралар кўрилиб, маҳсулотлар мусодара қилинмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 10 декабрь куни соат тахминан 04.30 да Бектемир туманида ЙПХ ва туман ИИО ФМБ ходимлари билан ҳамкорликда Оллоёр К. бошқарувидаги “Кобальт” русумли автомашина тўхтатилиб, холислар иштирокида текширилганда, автомашинадан 260 дона “7 Shots”, 17 блок “9 D” ҳамда 47 дона “Trenya Micky Mouse” пиротехника воситалари борлиги аниқланиб, олиб қўйилди. Суриштирув натижасида, ҳайдовчи сертификатсиз пиротехника воситаларини 32 ёшли Жонибек Н.га етказиб бериши кераклигини маълум қилган. Пиротехника воситаларини қабул қилиш чоғида ўтказилган махсус тадбирлар давомида Жонибек қўлга олинди. Мазкур ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар туман ИИО ФМБга топширилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Яна бир ҳолат Юнусобод туманида аниқланди. 14 декабрь куни Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан ўтказилган профилактик тадбирлар давомида, 27 ёшли Обид С.нинг уйида пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда сақлаш ҳолати аниқланган. Унинг уйидан жами 30.000.000 сўмлик 103 дона “салют” ва 80 дона турли хилдаги пиротехника воситалари топилиб, холислар иштирокида ашёвий далил сифатида олинди. Мазкур ҳолат юзасидан ҳам тегишли хужжатлар расмийлаштирилди.
Шунингдек, Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан пиротехника воситаларининг ноқонуний савдосини аниқлаш бўйича ўтказилган профилактик тадбир давомида, Миробод туманида жойлашган МЧЖ ишчиси 36 ёшли Шахруз И. турли хилдаги пиротехника маҳсулотларини жами 3.160 АҚШ долларига сотиш билан шуғулланаётганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар туман ИИО ФМБга топширилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш каби ҳаракатларни содир этганлик учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 185-1-моддасида маъмурий жавобгарлик, Жиноят кодексининг 250-1-моддасида жиноий жавобгарлик белгиланган.

Барча янгиликлар

Text to speech