Ҳафтанинг ҳар пайшанба куни пойтахтимиз ҳудудида кенг қамровли профилактик тадбирларнинг ўтказиб келинаётганлиги жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ўз натижакорлигини кўрсатмоқда. Бугунги навбатдаги “Профилактика куни” да Тошкент шаҳар ИИББ ҳудудий тузилмаларидаги йиғилиш анъанага кўра тонгги йўриқнома билан бошланиб, тадбирга жалб этилган ИИО ФМБ, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ҳамда бошқа мутасадди идоралар, хусусан, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш туман бўлимлари ҳамда қурилиш соҳасида масъул ташкилотлар вакилларининг ҳам иштироки таъминланди. Жорий йилнинг 24 ноябрь куни Президентимиз томонидан “Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган махсус ишчи гуруҳлар таркибидаги бу соҳа вакилларига ҳам ҳамкорликдаги муҳим вазифалар юкланган. Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида мутасаддилар пойтахтимиз ҳудудида олиб борилаётган қурилиш объектларида бўлиб, ҳавога чанг-тўзон кўтарилиши, атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи омиллардан фойдаланмаслик, атмосфера ҳавоси тозалигини сақлаш юзасидан зарурий тавсиялар бердилар. Бу долзарб тадбирлар қаторида Президентимиз томонидан қабул қилинган “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳиятини кенг аҳоли қатламлари, идора ва ташкилотлар, ўқув муассасаларида ўрганиш ва тарғиб қилиш, шунингдек, “Хавфсиз ва соғлом юрт”, “Кибермаданиятни юксалтириш” ойлигида белгиланган чора-тадбирлар ижросини самарали амалга оширишга қаратилиб, бу борада қатор топшириқ ва кўрсатмалар таъкидлаб ўтилди. Мазкур ойликлар доирасида туманларда ИИО ФМБ раҳбарлари томонидан маҳалла масъуллари иштирокида низоли оилалар ҳолидан хабар олинди, фойдали меҳнат билан банд бўлмаган ёшларнинг муаммолари ўрганилди ва ҳал этиш чоралари кўрилди. Шунингдек, жойларда содир этилган оилавий зўравонлик, кибержиноятлар, қонунбузилиш ҳолатлари жамоатчилик вакиллари, маҳалла еттилиги ва фаоллари иштирокида муҳокама этилди. Пробация ҳисобида турувчи шахслар билан тушунтириш, профилактик суҳбатлар ўтказилди. Жумладан, ташкил этилган сайёр судлар томонидан Пробация бўлими ходимларининг тақдимномаларига асосан, тўғри йўлга кирган, намунали хулқи ва тузалиш йўлини танлаган маҳкумлар муддатидан илгари жазодан озод қилинди. Белгиланган тартиб-қоидаларни бузган маҳкумларга эса судлар томонидан жазо турлари оғирроғига ўзгартирилди. Пойтахт ҳудудидаги таълим муассасаларида ўтказилган тарғиботларда ёшлар иштирокида содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар, кибержиноятлар, ўғирлик, автоуловларни олиб қочиш жиноятларининг олдини олиш, ижтимоий тармоқлар орқали тарқалиб бораётган киберфирибгарлик, зўравонлик, диний-экстремистик ғоялар тарғиботи ва гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмаси, тарқатилиши билан боғлиқ жиноятлар ва улардан ҳимояланиш йўллари, жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлиги каби мавзулар атрофлича ёритилди. Шу билан бирга ёшларнинг ҳуқуқий маданияти, саводхонлигини ошириш бўйича уюшмаган ёшлар билан манзилли суҳбатлар уюштирилди. Хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, умумтаълим мактаблари ички рўйхатида турувчи ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан профилактик суҳбатлар ўтказилди. Суҳбатлар очиқ мулоқот тарзида бўлиб, йиғилганларга қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатларнинг, ўтказилаётган профилактик тадбирларнинг аҳамияти, фуқароларнинг унда фаол иштирок этишлари, ҳушёрлик ва огоҳликни ошириш маҳаллаларда, пойтахтимизда хавфсиз муҳитни яратиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда муҳимлиги таъкидланмоқда.