Профилактика куни доирасида пойтахтимизнинг Миробод туманида ИИО ФМБ ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ҳамда жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида қатор профилактик тадбирлар ўтказилди. Хусусан, кибержиноятлар, ўғирликлар, автоуловларни олиб қочиш жиноятларининг олдини олиш, муқаддам судланган, пробация ҳисобида турувчи маҳкумлар ва профилактик ҳисобда турган жиноят содир этишга мойил шахслар, уюшмаган ёшлар билан манзилли ишлаш, хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, мактаб ички рўйхатида турувчи ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан профилактик суҳбатлар ўтказилди. Шунингдек, туманнинг “Чинор” маҳалласида истиқомат қилувчи профилактик ҳисобда турувчи фуқароларнинг хонадонларида бўлиб профилактик-тушунтириш ишлари олиб борилди. “Толариқ” маҳалласида яшовчи, 1982 йилда туғилган Э.А, томонидан турмуш ўртоғи, 1983 йилда туғилган Н.Т.га нисбатан содир этилган руҳий зўравонлик ҳолати маҳалла раиси, хотин-қизлар фаоли иштирокида хонадонбай ўрганилиб, тегишли тушунтириш ишлари амалга оширилди. “Билимдон” маҳалласида яшовчи Ю.А.нинг турмуш ўртоғи Т.Х. билан оилавий келишмовчилиги бўйича мурожаати ўрганилиб, қўриқлаш пульти ўрнатиб берилди. Профилактик тадбирлар туманда жойлашган умумтаълим мактабларида ҳам ўтказилиб, ўсмир-ёшлар ўртасида жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, киберхавфсизлик, кибертаҳдидларга қарши иммунитет ҳосил қилиш, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш масалаларига урғу берилди. Шунингдек, ўқувчиларнинг давомади текширилди. Туман ИИО ФМБ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларнинг олдини олиш бўлими ходимлари “Абдулла Авлоний” маҳалла фуқаролари билан учрашуви, мактабларга ташрифи чоғида, ўқувчиларга ижтимоий тармоқларда содир этилаётган кибержиноятлар, ёт бузғунчи ғоялар, кибертаҳдидлардан огоҳ этиб, улардан ҳимояланишнинг замонавий усуллари ҳақида тушунтириш ва йўл-йўриқлар беришди. Шунингдек, жиноятларнинг олдини олишга қаратилган видеороликлар намойиш этилиб буклет ва флаерлар тарқатилди. “Пайшанба – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” доирасидаги бу каби профилактик тадбирлар пойтахтнинг барча туманларида амалга оширилди.