Республикамизда ҳафтанинг ҳар пайшанба куни кенг қамровли профилактик тадбирларнинг ўтказиб келинаётганлиги жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ўз натижакорлигини кўрсатмоқда. Бугунги “Пайшанба –профилактика куни” ҳам Тошкент шаҳар ИИББ ҳудудий тузилмаларида тонгги йўриқнома билан бошланиб, тадбирга жалб этилган ИИО ФМБ, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ҳамда бошқа мутасадди идоралар масъуллари ҳамкорлигида тегишли кўрсатма ва топшириқлар белгилаб олинди. Асосий эътибор куни кеча Президентимиз томонидан қабул қилинган “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳиятини кенг аҳоли қатламлари, идора ва ташкилотлар, ўқув муассасаларида ўрганиш ва тарғиб қилишга қаратилди. Мазкур Фармон талабларидан келиб чиқиб, Ички ишлар вазирлиги томонидан жорий йилнинг 20 ноябрида “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик ойлигининг учинчи босқичи старт олди. Профилактика куни доирасида мазкур фармон талабларидан келиб чиқиб, тарғибот ишлари кенг кўламда олиб борилди. Шунингдек, ҳозирда давом этаётган “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги” ва “Биз зўравонликка қаршимиз!” ойликларида белгиланган чора-тадбирлар ижроси юзасидан учрашувлар ташкил этилди.
Мазкур ойликлар доирасида туманларда ИИО ФМБ раҳбарлари томонидан маҳалла масъуллари иштирокида низоли оилалар ҳолидан хабар олинди, фойдали меҳнат билан банд бўлмаган ёшларнинг муаммолари ўрганилди ва ҳал этиш чоралари кўрилди. Шунингдек, жойларда содир этилган оилавий зўравонлик, кибержиноятлар, қонунбузилиш ҳолатлари жамоатчилик вакиллари, маҳалла еттилиги ва фаоллари иштирокида кенг муҳокама этилди. Пробация ҳисобида турувчи шахслар билан тушунтириш, профилактик суҳбатлар ўтказилди. Хусусан, ташкил этилган сайёр судлар томонидан Пробация бўлими ходимларининг тақдимномаларига асосан, тўғри йўлга кирган, намунали хулқи ва тузалиш йўлини танлаган маҳкумлар муддатидан илгари жазодан озод қилинди. Белгиланган тартиб-қоидаларни бузган маҳкумларга эса судлар томонидан жазо турлари оғирроғига ўзгартирилди. Таълим муассасаларида ўтказилган тарғиботларда ҳуқуқбузарликлар, кибержиноятлар, ўғирлик, автоуловларни олиб қочиш жиноятларининг олдини олиш, ижтимоий тармоқлар орқали тарқалиб бораётган киберфирибгарлик, зўравонлик, бузғунчи ғоялар тарғиботи ва гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмаси, тарқатилиши билан боғлиқ жиноятлар ва улардан ҳимояланиш йўллари тушунтирилди. Жиноят ва ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликнинг муқаррарлиги каби мавзулар ҳаётий мисоллар ва илмий асосларга таяниб батафсил ёритилди. Шу билан бирга ёшларнинг ҳуқуқий маданияти, саводхонлигини ошириш бўйича уюшмаган ёшлар билан манзилли суҳбатлар олиб борилди. Вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш мақсадида умумтаълим мактаблари ички рўйхатида турувчи ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан профилактик суҳбатлар ўтказилди. Суҳбатлар очиқ мулоқот тарзида бўлиб, йиғилганларга ўтказилаётган ойликларнинг аҳамияти, фуқароларнинг унда фаол иштирок этишлари, ҳушёрлик ва огоҳликни ошириш маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда муҳимлиги, куч бирликда эканлиги яна бир бор таъкидлаб ўтилди.