13 Ноябр 2025 йил 405

“Пайшанба - профилактика куни” ўз номини оқламоқда

Республикамиз маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида ойнинг ҳар пайшанба куни – “Профилактика куни” деб эълон қилиниб, ушбу кунда амалга ошириб келинаётган ишлар ўз самарасини бермоқда. Ҳар галгидек пайшанба куни туманлар ИИО ФМБ, ҳокимият, прокуратура, суд ва бошқа мутасадди идоралар масъуллари иштирокидаги тонгги кенгайтирилган йўриқномалардан бошланди. Унда ҳар бир соҳа вакилларига амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди. Мазкур кўрсатма ва топшириқларга асосан, профилактика куни ҳамда “Кибермаданиятни юксалтириш”, “Биз зўравонликка қаршимиз” ойликлари доирасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Туманларда ИИО ходимлари ва маҳалла масъуллари иштирокида низоли оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларнинг муаммолари ўрганилди ва ҳал этиш чоралари кўрилди. Шунингдек, жойларда содир этилган оилавий зўравонлик, кибержиноятлар, қонунбузилиш ҳолатлари жамоатчилик вакиллари, маҳалла еттилиги ва фаоллари иштирокида кенг муҳокама этилди. пробация ҳисобида турувчи шахслар билан тушунтириш, профилактик суҳбатлар ўтказилди. Хусусан, сайёр судлар ташкил этилиб пробация бўлими ходимларининг тақдимномаларига асосан, тўғри йўлга кирган, намунали хулқи ва тузалиш йўлини танлаган маҳкумлар муддатидан илгари жазодан озод қилинди. Белгиланган тартиб-қоидаларни бузган маҳкумларга эса судлар томонидан жазо турлари оғирроғига ўзгартирилди. Таълим муассасаларида ўтказилган тарғиботларда ҳуқуқбузарликлар, кибержиноятлар, ўғирлик, автоуловларни олиб қочиш жиноятларининг олдини олиш, ижтимоий тармоқлар орқали тарқалиб бораётган киберфирибгарлик, зўравонлик, бузғунчи ғоялар тарғиботи ва гиёҳванд моддалар олди-сотдиси билан боғлиқ жиноятлар ва улардан ҳимояланиш йўллари, жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлиги каби мавзулар батафсил ёритилди. Шу билан бирга ёшларнинг ҳуқуқий маданияти, саводхонлигини ошириш бўйича уюшмаган ёшлар билан манзилли суҳбатлар олиб борилди. Хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, умумтаълим мактаблари ички рўйхатида турувчи ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан профилактик суҳбатлар ўтказилди. Мазкур тадбирга тегишли куч ва воситалар, масъулларнинг сафарбар қилиниши натижасида амалга оширилаётган профилактик тадбирлар пойтахт маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши олдини олишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech