28 Январ 2025 йил 996

Ўзини ўзи фош қилди

Аввало инсон тўғри йўлдан адашмасин экан. Адашди-ми, орқага қайтиши мушкул. Р.Арман етуклик шаҳодатномасини олишга улгурмай ўғирлик жинояти учун судланди. Гарчи унинг қилмиши оғир бўлишига қарамай унга енгиллик берилди. Аммо Арман бундан тўғри хулоса чиқармади. Кейин яна ўғирлик, талончилик, босқинчилик каби жиноятлар содир этди. Ўз ҳаётини яхшилаш, оила қуриш, фойдали меҳнат билан шуғулланишни хаёлига ҳам келтирмади. Нафсиламбрини айтганда, қамоқдан чиқиб қамоққа ўтирадиган шахс билан ким ҳам ҳаётини боғларди?! 2024 йилда қайта жиноят содир этиб, тергов органларидан қочиб, яширинди. Анча вақт қочиб, тутқич бермай юрган Арман ўзига ҳаддан ортиқ баҳо бериб юборди, шекилли, яна жиноятга қўл урди. Бу гал кўнгли автомашина ҳайдашни тусаб қолди. У 2024 йилнинг 14 март куни соат 17.30 ларда Чилонзор тумани ҳудудидаги “Чарх Камолон” маҳалласида жойлашган автотураргоҳга келди. Қатор турган автомашиналарни кўздан кечира бошлади. 1986 йилда туғилган А.Сайфиддиннинг бепарволиги туфайли автомашина қаровсиз, эшиклари очиқ, ўт олдиргич калити билан қолдирилганидан фойдаланиб, унга тегишли бўлган “Laсetti” автомашинасига ўтирди-ю ҳайдаб кетди. Машина эгаси чиқиб қараса, машина жойида йўқ. Дарҳол ички ишлар органларига мурожаат қилди.

— Автомашина олиб қочилганлиги ҳақидаги хабар тушиши биланоқ пойтахт ИИББ ЙҲХБ ЙПХ ходимлари сергаклик ва ҳушёрликни оширишди, – дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси, капитан С.Махсатуллаев. – Ҳолбуки, жиноятчи, ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган, демакки, йўл ҳаракати қоидаларини билмаган гумроҳ бирор кимсанинг умрига зомин бўлиши турган гап эди. Арман олиб қочган автомашинада Кўкча-дарвоза кўчаси бўйлаб ҳаракатланаётган пайтида ходимлар томонидан тўхтатилди. Автомашина эгасига бешикаст тарзда топширилди.

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди очиқ суд мажлисида Р.Арманнинг жиноий қилмишини кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси 2-қисми “а” банди (“Транспорт воситасини олиб қочиш”) билан айбли деб топди ва 57-моддасини қўллаб, 6 йилга озодликдан чеклаш жазосини тайинлади.

Барча янгиликлар

Text to speech