Президентимизнинг республикамиз маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш йўли билан жиноятчиликни камайтириш, криминоген вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган қарорига асосан ўтказиб келинаётган тезкор-профилактик тадбирлар криминоген вазиятни мўътадиллаштиришда ўзининг самарадорлиги ва юқори натижакорлигини намоён этди. Бу жараённи янада жадаллаштириш ва ижобий ёндашувлар миқёсини кенгайтириш мақсадида жорий йилнинг 15 июлидан 15 августига қадар Тошкент шаҳрида “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги доирасидаги кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирларнинг 2-босқичи ўтказилмоқда.
Ойлик доирасида фуқаролар билан тарғибот-ташвиқот ишлари кучайтирилиб, учрашув, давра суҳбатлари, очиқ мулоқотлар ташкиллаштирилмоқда. Бу каби тадбирларда жиноятчиликнинг барча турлари: киберфирибгарлик, кибержиноятлар, айниқса гиёҳвандлик иллати, унинг жамиятга, инсон соғлиғи ва руҳиятига зарарли таъсирлари, гиёҳванд моддаларни турли йўллар билан тарқатишга уринишнинг мудҳиш оқибатлари ҳақида ҳаётий мисоллар орқали тушунтириш ва огоҳлантиришлар берилмоқда. Шундай учрашувлардан бири 17 июль куни Бектемир тумани ИИО ФМБ масъуллари томонидан “Ўзбекистон темирйўллари” акциядорлик жамиятига қарашли “Қуюв-механика заводи” акциядорлик жамиятида бўлиб ўтди. Туман ИИО ФМБ бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи подполковник Улуғбек Агзамходжаев йиғилганлар: корхона маъмурияти, ишчи-ходимлари олдида сўзга чиқиб, инсониятга хавф солаётган глобал муаммолардан бири - гиёҳвандлик балосининг дунёда бўлганидек, пойтахтимизда ҳам тобора кенг ёйилаётгани, айниқса ёшларни турли йўллар билан ўз домига тортаётгани, унинг аянчли оқибатлари ҳақида сўз юритди. Ички ишлар органлари ҳуқуқ-тартибот ходимлари билан ҳамкорликда гиёҳванд, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши тинимсиз кураш олиб бораётганлиги таъкидланди. Шунга қарамай, заҳри-қотилнинг “пайпаслагичлари” ҳудудлар бўйлаб ёйилишда давом этаётгани ачинарлидир. Шунингдек, маърузачи гиёҳвандликка қарши курашиш ҳуқуқ-тартибот ходимлари вазифаси деб бу иллатга лоқайд ва бепарво бўлишлик нотўғри эканлиги, бунга барчамиз ҳамкорликда курашсакгина ижобий натижаларга эришиш мумкинлигига урғу берди. Фарзандларимизнинг ижтимоий тармоқларда нималар билан машғуллиги билан қизиқиш, назорат қилиш, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланувчи гуруҳ ва каналларга аъзо бўлмаслик, улар ҳақида маълумотлар бўлса, ички ишлар органларига хабар бериш лозимлиги таъкидлаб ўтилди. Учрашув сўнггида йиғилганлар мазкур мавзу ва бошқа ўзларини қизиқтирган саволларига У.Агзамходжаевдан тўлиқ жавоблар олишди. Ойлик доирасидаги тадбирлар туманнинг барча ташкилот ва корхоналарида давом эттирилади.