21 Ноябр 2025 йил 233

Ойлик доирасида профилактик-тарғибот ишлари олиб борилмоқда

Пойтахтимиз ҳудудида жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ўтказилаётган қатор профилактик тадбирлар давом этмоқда. ИИВ томонидан “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлигига старт берилгани ҳамда жорий йилнинг 3 ноябрида Президентимиз томонидан имзоланган “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш бу йўналишдаги муҳим қадамдир.

Куни кеча “Низомий” номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университетида талабалар иштирокида тарғибот учрашуви бўлиб ўтди. Унда пойтахт ИИББ, Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳамда Миллий гвардия, Республика Маънавият ва маърифат маркази масъуллари қатнашдилар. Кенг аудитория олдида маъруза қилганлар асосий эътиборни ёшлар ўртасида содир этилаётган жиноятчилик, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмаси, ижтимоий тармоқлар орқали содир этилаётган кибержиноятларга қаратдилар. Наркожиноятлар ва ҳуқуқбузарликларга қарши кураш, улардан ҳимояланиш бўйича қатор тавсия ва йўл-йўриқлар берилди.

Яшнобод туманида ўтказилган “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги доирасидаги тадбирларда туман ҳокимлиги, прокуратура, ИИО ФМБ, соғлиқни сақлаш бўлими ва маҳалла фаоллари иштирок этишди. Тадбирлар доирасида маҳаллалар, корхона-ташкилотлар, ўқув муассасаларида Президентимиз томонидан имзоланган 207-сон фармонининг мазмун-моҳиятига кенг ўрин берилди. Шунингдек, “Кибермаданиятни юксалтириш”, “Биз зўравонликка қаршимиз” ойликлари доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида оилаларда содир этилган зўравонлик, кибержиноятлар ва бошқа қонунбузилиш ҳолатлари жамоатчилик, маҳалла фаоллари ва мутасаддилар иштирокида муҳокама қилинди.

Учтепа туманида жойлашган Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетида бўлиб ўтган очиқ мулоқот тарзидаги учрашувда туман ИИО ФМБ раҳбарияти ва соҳа мутахассислари иштирок этдилар. Учрашувни билим даргоҳи проректори Валижон Саъдиев кириш сўзи билан очиб, олийгоҳда ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, қонунчиликка ҳурмат руҳида тарбиялаш ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида сўзлади. Маърузачилар кибермаконда содир этилаётган жиноят турлари, уларнинг салбий оқибатлари ҳақида огоҳ этиб, кибержиноятларга қарши самарали курашиш механизмлари ҳақидаги маълумотларга тўхталишди. Шунингдек, талабаларга рақамли маконда онгли ҳаракат қилиш, интернет ва ижтимоий тармоқлардан хавфсиз фойдаланиш бўйича амалий тавсиялар берилди. Учрашувларда ёшлар ўртасида профилактик ишларни янада кучайтириш ҳамда ички ишлар идоралари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича келишиб олинди.

Барча янгиликлар

Text to speech