30 Сентябр 2025 йил 500

Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида байрам тадбири ташкил этилди

Пойтахтимизда тинчлик-осойишталикни сақлаш, юрт ривожи ва фаровонлигини таъминлаш, адолатли ва фуқаролик жамиятини яратиш йўлида меҳнат қилган фидойи фахрийларимиз ҳамиша эътироф ва эъзозда.

1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Тошкент шаҳар ИИББ да ички ишлар вазирлиги тизимидаги фахрийлар иштирокида байрам тадбири ташкил этилди. Учрашувга таклиф этилган бир гуруҳ фахрийлар дастлаб “Янги Ўзбекистон” боғи бўйлаб саёҳат уюштирдилар.
Тадбир “Янги Ўзбекистон” боғидаги Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйиш билан бошланди.
Фахрийларнинг ҳаётий тажрибаси ва билимларидан ички ишлар органларида кенг фойдаланиш доим ўз самарасини бериб келган. Ёшлар учун ўрнак ва намуна бўлган устозлар пойтахтимиздаги “Технопарк” фаолиятини бориб кўрдилар. Бу ерда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳаллий маҳсулот ва турлари билан яқиндан танишдилар.
Учрашув Тошкент шаҳар ИИББда давом этди. Унда Бош бошқарма раҳбарияти, фахрийлар, маслаҳатчи-мураббийлар, таркибий ҳудудий ички ишлар органлари ёш ходимлари, Ёшлар иттифоқи етакчилари, ИИВ 1-сонли академик лицей ўқитувчи ва ўқувчилари қатнашдилар. Тадбирни Бош бошқарма бошлиғи, полковник Равшан Султанходжаев очиб, йиғилганларни байрам билан табриклаб, меҳнат фахрийларининг Бош бошқарма фаолиятидаги ўзига хос ўрни, пойтахт ҳудудида жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ишларига қўшган улкан ҳиссаларини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, уларнинг нафақада бўлишига қарамай ёш кадрларни тарбиялаш, хизмат кўникмаларини шакллантириш, малакасини ошириш, тажрибаларини сингдириш борасидаги хизматларига тўхталди. ИИББ бошлиғи маслаҳатчиси, истеъфодаги полковник Мурод Каримовнинг Фахрийлар кенгаши фаолияти бўйича ҳисоботи тинглангач, бир гуруҳ фахрийлар ва ёшларга, ота-оналарга Республика ИИВ мукофотлари, ИИББ фахрий ёрлиқлари, ташаккурномалар тантанали равишда топширилди. Шунингдек, пойтахтимиз тинчлиги-осойишталигини таъминлаш йўлида сидқидилдан меҳнат қилиб, нафақа ёшига етган тўрт нафар ходимларнинг фидойи хизматлари эътироф этилиб, чуқур ҳурмат ва эҳтиром билан нафақага кузатилди. Тантаналар санъаткорларнинг шўх куй-қўшиқлари ва рақсларига уланиб, барчага хуш, байрамона ва кўтаринки кайфият бахш этди. Шундан сўнг фахрийлар учун байрам дастурхони ёзилди.

Барча янгиликлар

Text to speech