Фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиш, уларни қийнаётган масалаларга ечим топиш мақсадида раҳбарлар томонидан мунтазам равишда сайёр қабуллар ўтказиб келинмоқда.
Жорий йилнинг 11 февральидан 14 февральига қадар Олмазор туманида жойлашган Инновация маркази биносида оммавий сайёр қабул ўтказилади. Унда Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ИИББ ва Миллий Гвардия раҳбарияти фуқароларни бевосита қабул қилади.
Сайёр қабулнинг биринчи кунида ички ишлар раҳбариятига 60 га яқин фуқаролар мурожаат қилишди. Улар асосан терговга қадар текширув ва дастлабки тергов ҳужжатлари билан, ижтимоий масалалар билан боғлиқ бўлиб, ҳар бир мурожаат синчковлик билан ўрганилди. Жумладан, 28 та мурожаат шу жойнинг ўзида ижобий ечим топди, 10 таси қўшимча текширув талаб қилгани сабабли назоратга олинди, 19 таси юзасидан эса ижро муддатлари белгиланди.
Шунингдек, пробатсия ҳисобида турувчи 21 нафар шахслар ўзларига тўғри хулоса чиқаришгани, тузалиш йўлига ўтганлигини маълум қилиб, муддатдан илгари пробатсия ҳисобидан ечишни сўраб мурожаат қилишди. Уларнинг мурожаатлари шу ернинг ўзида ҳал этилди.
Олмазор туманида ташкил этилган қабул 14 февраль кунига қадар давом этади.