Баркамол авлодни Вояга етказиш, униб-ўсиб келаётган ёшларга доимий ғамхўрлик қилиш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналишларидан биридир. Қувонарлиси, Ўзбекистон ёшлари бугунги кунда нафақат республика, балки дунё миқёсида ўз ақл-заковати, шижоати, интеллектуал салоҳияти, бахтли келажакка интилувчанлиги билан эътибор қозонмоқда. Таълим-тарбия, маънавий-маърифий, ижтимоий-ҳуқуқий, спорт-соғломлаштириш соҳаларида самарали фаолият юритмоқда. Аммо ижобий натижалар қаторида, ёшлар томонидан содир этилаётган жиноятлар ҳамон юқорилигича қолаётганини афсус билан таъкидламоқ лозим. Куни кеча Тошкент шаҳар ИИББ Пробация бошқармаси ҳамда ИИВ Академияси магистратура тингловчилари ҳамкорлигида “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги доирасида Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент филиали профессор-ўқитувчилари, талабалари билан ўтказилган навбатдаги профилактик тадбирда ана шу масалаларга урғу берилди.
Ёшлар билан шу каби учрашув Учтепа туманидаги Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари Университетида ҳам ташкил этилди. Туман ИИО ФМБ раҳбарияти ва ИИВ Академияси магистратура тингловчилари иштирокида ўтказилган бу учрашув ёшлар ўртасида катта қизиқиш уйғотди.
Тадбирлардан кўзланган мақсад: жорий йилнинг 3 ноябрида Президентимиз томонидан имзоланган “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳиятини ёшларга етказиш, ёшлар соғлиғи ҳамда миллат генофондини самарали ҳимоя қилиш бўйича белгиланган вазифаларни амалга оширишдан иборатдир.
Таъкидлаш жоизки, учрашувлар очиқ мулоқот шаклида ташкил этилди. Мутасаддилар ўз маърузаларида аҳоли саломатлиги ва миллат генофондига жиддий таҳдид солаётган гиёҳвандлик ва психотроп воситалари, кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмаси, ижтимоий тармоқлар орқали ёшларни турли йўллар билан унинг тарқатилиши ва олди-сотдисига жалб қилиш ҳолатлари, ёшлар ўртасида содир этилаётган наркожиноятлар ҳақида ҳаётий мисоллар, статистик маълумотларни тақдим этдилар. Шунингдек, гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларга қонунчилигимизда белгиланган жазолар, мазкур Фармон негизида жавобгарликнинг янада кучайтирилиши ҳақидаги маълумотлар эслатиб ўтилиб, талабалар чуқур таълим олиш, мукаммал касб эгаси бўлишга чақирилди. Шунингдек, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, гиёҳвандликка қарши кураш бўйича масъулият ҳамда ҳушёрликни ошириш, бу иллатлардан ҳимояланиш чоралари ҳақида тавсияларга эътиборни қаратдилар. Тадбир якунида талабаларнинг мавзу бўйича фикр-мулоҳазалари тингланиб, уларнинг саволларига жавоблар берилди.