19 Апрел 2025 йил 814

Номардлик ҳам эви билан-да!

Одам бойлик васвасасига тушмасин экан. Тушдими, ётса ҳам, турса ҳам даста-даста пуллар кўзига кўринади. Худди “Маҳалдада дув-дув гап” фильмидаги Умаржоннинг онаси Ойпошшахон тўй бузилай деганда ҳамма нарса: қозондаги ошдан тортиб, столдаги ноз-неъматларгача пулга айланиб қолиш саҳнасини кўз олдингизга келтиринг-а! Шоҳруҳ ҳам юрган йўлида, ушлаган буюмида фақат пулни кўради. Масъулияти чекланган жамиятнинг омбор мудири бўла туриб, маошига қониқмади. Нима қилса, пулдор бўларкин-а!? Ўйлаб-ўйлаб бир ўқ билан икки қуённи урадиган ажойиб режа тузди. Ҳам бойийди ҳам ажрашиб кетган собиқ хотинининг “адабини беради”. У 2024 йил 4 август куни фуқаро Б.Исломнинг ишончига кириб, туманнинг 23-мавзесида жойлашган уйни ўзиники кўрсатиб, ойига 350 АҚШ доллари эвазига ижарага берди. Очиғи бир ҳафта ичида уйни бўшатиб қўйишни ваъда қилиб, пулини олди. 22 август куни фуқаро М.Шахзодбекни ҳам шу йўсинда алдаб 400 АҚШ долларини, 23 август куни С.Низомиддиндан икки ойлик ижара ҳақи сифатида 7.620.000 сўмини олди. Жабрдийдаларга қўшни давлатга оиласи билан ишлагани кетаётганини сабаб қилди. Уй эса аслида бир фарзанди билан кўрсатилган хонадонда яшаб келаётган, эртадан-кечгача ишда бўлган собиқ турмуш ўртоғига тегишли бўлиб, бу савдолардан аёл умуман бехабар эди. Вақт ўтиб, эшик қўнғироғини жиринглатиб, ижарачилар кўч-кўрони билан кириб кела бошлаганда, боз устига уйни бўшатиб қўйишни талаб қилишиб, жанжал кўтаришганида аёл жарбдийдалар билан биргалашиб ички ишлар идорасига мурожаат қилишга мажбур бўлди.
– Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди очиқ суд мажлисида 1994 йилда туғилган, бир фарзанди билан ажрашган, муқаддам судланмаган Б.Шоҳруҳнинг жиноий қилмишларини кўриб чиқиб, унинг пушаймонлиги, етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлиги, жабрдийдаларнинг даъвоси йўқлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди ва иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилди.
Мазкур жиноят иши тафсилотлари билан Учтепа тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Бобур Сатторов таништирди.

Барча янгиликлар

Text to speech