28 Январ 2025 йил 2492

Нима учун инсон салбий оқибатларга қарамай, курьер (закладкачи) бўлишни танлайди?

Психофаол моддаларнинг ноқонуний савдосида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар назарига тушувчи асосий қатлам мазкур моддаларни ташувчилар (закладкачилар) ва мижозлар ҳисобланади. Охирги вақтларда катта пул ваъда қилиш орқали ёшларни “закладкачи” сифатида ёллаш ҳолатлари ортиб бормоқда. Шу сабабдан ёшлар томонидан психофаол моддаларни ноқонуний ташиш ва сотиш ҳолатлари билан боғлиқ жиноятлар сони ортган.

Оператор турли гуруҳларда “енгил ишлар бор”, “уйда ўтириб даромад топиш”, “ойига 30 миллионлик даромад”, “ёшлар ёки талабалар учун иш”, “ўқишдан ажралмаган ҳолда иш” каби рекламалар тарқатиб, иш излаётган, пулга муҳтож талабаларни топади ва “закладкачи” сифатида жиноий фаолиятга жалб қилади. Ишга жойлаш баҳонасида ташувчининг шахсини тасдиқловчи маълумотларни олади. Бу билан ташувчига ишончни мустаҳкамлаш ва олинган “товар”ни ўзлаштириб юборишини олди олинади. Шунингдек, жиноий гуруҳда “жазолаш гуруҳи” ҳам мавжуд бўлиб, агар ташувчи олинган “товар”ларни ўзлаштириб юборган тақдирда жисмоний босим ўтказиш учун юборилади. Шунингдек, айрим суиистеъмол қилувчилардан ҳам ташувчи сифатида фойдаланилади. Улар ойлик ўрнига “товар”дан ўз улушларини олади.

Наркосавдо жиноий уюшмаси ташкилотчини кўрмасдан фаолиятини амалга оширади. Кўп ҳолларда ташувчилар (закладкачи) ташкилотчининг исмини ҳам билмайди. Ҳамма алоқа Интернет тармоқларидаги аноним профиллар орқали амалга оширилиб, иш ҳақи ҳеч қандай учрашувларсиз, электрон ҳамёнлар орқали (кўпинча криптовалютада) тўланади.

Бир қарашда мазкур схема “хавфсиз” кўринади. Аммо бу фақат ташкилотчилар манфаати учун хизмат қилади. Курьерлар, иш берувчилар уларни шунчаки “восита” сифатида фойдаланаётганликларини англаб етишлари керак. Шу сабабли, улар доимий равишда янгиланиб турилади. Бундай “осон пул” топиш йўллари ҳақидаги таклифларини рад этиш керак. Агар сиз психофаол моддаларга қарам бўлсангиз, унда мутахассисларга мурожаат қилганингиз маъқулдир.

Барча янгиликлар

Text to speech