Навбатдаги сайёр қабул Яккасарой туманида бўлиб ўтди
Халқимизнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, қонуний кафолатларини таъминлаш фуқаролик жамиятини яратишнинг пойдеворидир. Мутасадди раҳбарлар томонидан сайёр қабуллар ташкил этиш орқали аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, айниқса, уларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаб, жойида бартараф этиш юзасидан амалий тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Пойтахтимизнинг Яккасарой туманида жойлашган “KOR - UZ Textile Technopark” биносида Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти ва Яккасарой туман ҳокимлиги мутасаддиларининг аҳоли билан ўтказган сайёр қабули ана шу устувор вазифа ижросининг узвий давомидир. Қабул Миробод ва Яккасарой туманлари аҳолисини ўйлантириб келаётган муаммоларига ечим топишга қаратилди. Очиқ мулоқот чоғида аҳолининг мурожаатлари ва саволлари тингланди.
Қабул жараёнида турли масалаларда қириқдан ортиқ мурожаатлар қабул қилинган бўлиб, уларнинг 21 таси жойида ижобий ҳал этилди, 7 таси бўйича тушунтириш берилиб, кўриб чиқиш қўшимча муддат талаб этадиган 14 та мурожаатларнинг ижроси назоратга олинди. Шунингдек, пойтахтимизнинг Миробод ва Яккасарой туманлари ИИО ФМБ Пробация хизмати ҳисобида турган жами 10 нафар фуқаролар Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди.
Қабулдан сўнг ИИББ раҳбарияти узоқ йиллар ички ишлар органларида хизмат қилиб нафақага чиққан фахрий ходим Азамат Ғаниевнинг хонадонига бориб, ундан хабар олдилар ва бир пиёла чой устида иш жараёнида бўлиб ўтган эсда қоларли воқеаларни хотирладилар.
Бу каби қабуллар пойтахтимизнинг бошқа туманларида ҳам давом этмоқда.