Навбатдаги қабул Мирзо Улуғбек туманида бўлиб ўтди
Аҳоли мурожаатларини ўрганиш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи, полковник Равшан Султанходжаевнинг Мирзо Улуғбек ва Юнусобод туман фуқаролари билан навбатдаги қабули бўлиб ўтди. Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида ўтказилган қабулда туман ҳокими Баҳодир Гаибназаров ва бошқа мутасадди раҳбарлар иштирок этишди.
Сайёр қабулда фуқароларидан 48 та мурожаатлар келиб тушди. Мурожаатларни ўрганиш, юзма-юз суҳбатлашиш жараёнида 21 та мурожаатлар жойида ҳал этилди. Айрим фуқаролар кўтарган масалалар ечимини топиш, келтирилган важларни батафсил ўрганиш талаб этилганлиги сабабли 27 тасига ижро муддатлари белгиланиб, қатъий назоратга олинди. Текширишлар натижасида қабул қилинган хулоса ва қонуний қарорлар бўйича фуқароларни ёзма хабардор этиш белгиланди.
Фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар мазмун-моҳиятига кўра: 27 таси тергов-суриштирув ҳаракатлари, 10 таси етказилган моддий зарарни ундиришга доир, 8 таси пробация ҳисобидан муддатдан олдин ечиш, 3 таси ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва бошқаларни ташкил этди. Муаммолари ортга сурилмай қабулхонанинг ўзида ҳал қилинган фуқаролар бу каби қабулларнинг холис ва адолатли эканлигини таъкидлаб, ўз миннатдорликларини изҳор этишди.
Сайёр қабулдан сўнг бош бошқарма бошлиғи ҳамда бошқа масъуллар Мирзо Улуғбек туманидаги “Элобод” маҳалласи фаолияти билан танишдилар. Йил бошида “қизил” тоифада бўлган, ҳозирда эса “яшил” тоифага ўтган маҳаллада жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши олиб борилаётган ишлар, ижтимоий-криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш мақсадида маҳалла еттилиги билан ҳамкорликда бажарилган вазифалар ўрганилди. Бу ерда яқинда ИИВ тизимида жорий этилган “Дуал таълим” йўналиши асосида хизмат олиб бориб, профилактика инспекторларидан касб сирларини ўрганаётган ИИВ Академияси 2-курсда таҳсил олаётган курсантининг амалиёти ҳам кўздан кечирилди.
Шундан сўнг масъуллар узоқ йиллар давомида ИИО сафида хизмат қилиб, ҳозирда истеъфодаги полковник хонадонида бўлдилар. ИИО фахрийси хизматни Қўриқлаш бўлимида бошлаб 2011 йилда Ички ишлар вазирлиги бўлим бошлиғи лавозимидан нафақага чиққан. Ҳозирда у Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ Фахрийлар кенгаши аъзоси ҳисобланади. Самимий суҳбат чоғида хизмат вақтидаги хотиралар ёдга олиниб, бугунги кунда ИИО тизимда яратилган шароит ва имкониятлар ҳақида фикр алмашилди.
Жойларда мутасаддилар томонидан, хусусан пойтахт ИИББ раҳбарияти томонидан ўтказиб келинаётган бу каби тадбирлар шаҳар аҳолисининг қонун устуворлигига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, фуқаролик жамиятини яратиш йўлидаги жараёнларнинг жадаллашувида муҳим аҳамият касб этмоқда.