16 Июл 2025 йил 656

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги пойтахт ички ишлар органлари вакилларининг учрашуви

Жорий йилнинг 10-12 июль кунлари Қозоғистон Республикасининг Остона шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатлари пойтахт ички ишлар органлари раҳбарларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи полковник Равшан Султанходжаев бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этди.

Учрашувда МДҲ ҳудудида уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бюроси директори О.Ф. Коновалов, Қозоғистон, Арманистон, Беларусия, Қирғизистон, Россия, Озарбайжон, Тожикистон ва Туркманистон пойтахтлари ички ишлар органлари раҳбарлари иштирокида МДҲга аъзо давлатлар ҳудудида жиноятчиликка қарши курашишда ҳамкорлик масалалари кенг муҳокама қилинди.

Йиғилишда, шунингдек, МДҲ ҳудудида уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, трансчегаравий жиноятларнинг олдини олишда узвий ҳамкорлик, шаҳар инфратузилмасининг муҳим объектларида жамоат тартибини сақлаш, замонавий мегаполиснинг хавфсизлигини таъминлашда илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, видеокузатув тизимларидан самарали фойдаланиш, МДҲ иштирокчи давлатлари пойтахтларида жамоат тартибини таъминлаш каби масалалар муҳокама қилинди.

Тадбир давомида бир қанча таклифлар ишлаб чиқилди. Жумладан, жамоат тартибини таъминлашнинг комплекс тизимларида илғор ахборот технологияларини қўллаш, жиноий таҳдидлардан — ҳам жисмоний, ҳам киберҳужумлар орқали масофадан туриб амалга ошириладиган таҳдидлардан ҳимояланиш бўйича илғор амалиётлар билан ўзаро алмашиш, таълим муассасаларида таҳсил олаётган фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва уларни радикал ҳамда экстремистик ташкилотлар фаолиятига жалб этилишига йўл қўймаслик бўйича тажриба алмашиш кабилар шулар жумласидандир.

Ташриф давомида иштирокчилар Остона шаҳри Полиция департаменти тезкор бошқарув маркази фаолияти билан яқиндан танишиб, жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган бир неча лойиҳалар, уларнинг самарадорлиги билан қизиқдилар.

Ўзаро дўстона ва ишчанлик руҳида ўтган йиғилиш якунида МДҲ иштирокчи давлатлари пойтахтлари ички ишлар органлари раҳбарларининг келгуси йилдаги йиғилиш доирасида кўриб чиқиладиган масалалар, ҳамкорликни такомиллаштириш бўйича таклифлар юзасидан келишиб олишди.

Барча янгиликлар

Text to speech