Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг "1 октябръ - Ўқитувчи ва мураббийлар куни" муносабати билан байрам табриги
Муҳтарам устозлар, мураббийлар!
Пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси шахсий таркиби ва ўз номимдан таълим-тарбия соҳасининг жонкуяр ва фидойиларини, фахрийларини умумхалқ байрами – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин юракдан самимий табриклайман. Ушбу қутлуғ айёмда Сиз заҳматкаш устозларга қалбимизда бўлган юксак ҳурмат-эҳтиром ва эзгу тилакларни изҳор этаман. Сизлар аждодларимиз мисқоллаб йиққан бебаҳо билим хазинасини ёш авлодга, халқимизга етказиш йўлида сидқидилдан меҳнат қилаётган улуғ инсонларсиз. Фарзандларимизни миллий ғурур, Ватанга муҳаббат, умуминсоний қадриятларимизнинг муносиб давомчилари, комил инсонлар бўлиб вояга етказиш, халқпарварлик руҳида тарбиялаш, Янги Ўзбекистоннинг фаровон ва бахтли келажагини яратиш йўлидаги саъй-ҳаракатларингизни чуқур ҳурмат билан эътироф этамиз. Бераётган билим, тарбиянггиз ва маҳоратингиз юртимиз довруғини дунёга ёядиган, илм-фан юксак чўққиларини забт этадиган авлодлар етишишида беқиёсдир. Сиз азизларни касб байрамингиз билан муборакбод этиш орқали Сизларга мустаҳкам соғлиқ, саодатли умр, фаровонлик, тинчлик-хотиржамлик, заҳматли ишларингизда юксак муваффақиятлар тилайман!.
Ҳурмат билан, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи полковник Равшан Султанходжаев