23 Ноябр 2025 йил 538

Мирзо Улуғбек туманида "Биз зўравонликка қаршимиз!" шиори остида тадбир бўлиб ўтди

Ҳар йили 25 ноябрь — дунё бўйлаб халқаро “Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни” сифатида нишонланади. Ушбу сана гендер асосидаги зўравонлик муаммосига жамоатчилик эътиборини қаратиш ва уни бартараф этишга йўналтирилган халқаро ташаббусларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини олдини олиш ва камайтиришга қаратилган профилактик тадбирлар мажмуини амалга ошириб келмоқда. Шу йўналишдаги муҳим тадбирлардан бири пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ ходимлари ташаббуси билан ташкил этилган учрашув бўлди. Учрашувнинг асосий мавзуси «Зўравонликсиз аёл — бахтли, оила — хотиржам» деб номланди.
Йиғилишда Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ бошлиғи, оила ва аёллар бўлими ходимлари, диний қўмита, «Инсон» ижтимоий маркази вакиллари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари чиқиш қилди. Ҳар бир маърузачи ўз нутқида аёллар нафақат оила муҳитида, балки жамиятнинг ижтимоий ва маданий ҳаётида ҳам муҳим ўрин эгаллашини таъкидлади.
Тадбир давомида зўравонликни олдини олиш, оилавий тотувликни мустаҳкамлаш ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бағишланган саҳнавий кўргазмалар ҳамда видеолавҳалар намойиш этилди.
Тадбирнинг якуний қисмида Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ бошлиғи намунавий оилалар ва маҳаллалар даражасида аёллар ҳамда оилаларни қўллаб-қувватлаш дастурларида фаол иштирок этган хотин-қизларга тантанали равишда мукофотлар топширди. Ушбу ташаббус уларнинг ижтимоий ривожланишга қўшган ҳиссасини эътироф этиш билан бирга, аҳолининг айниқса ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш борасида кўрилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини намоён этади.

Барча янгиликлар

Text to speech