Мирзо Улуғбек туманида ёшлар ўртасида жиноятчиликни олдини олишга бағишланган учрашув ўтказилди
Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ бошлиғи подполковник Сардор Мирзараимов Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида сектор раҳбарлари, туманда жойлашган 37 та мактаб директорлари, 70 та маҳалланинг раислари, ёшлар етакчилари, Миллий гвардия инспектор психологлари ва хотин-қизлар фаоллари билан учрашув ўтказди.
Тадбирда тумандаги ёшлар ва вояга етмаганлар томонидан содир этилган қонунбузарликлар ва салбий ҳолатлар ҳақида сўз юритилди, шунингдек, вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бўйича амалга оширилган ишларнинг натижалари муҳокама қилинди. Йўл қўйилган камчиликлар таҳлил этилди ва келгусида ушбу ҳолатларнинг олдини олиш учун таклифлар ва чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Тадбирда ёшлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги мисоллар келтирилиб, уларнинг ҳуқуқий оқибатлари таҳлил қилинди. Асосий муҳокама мавзуларидан бири ёшларни келгусида жамиятга фойдали ва етук шахслар сифатида шакллантириш, уларни соғлом ахлоқий асосларда тарбиялаш ва жамиятга масъулият билан муносабатда бўлишга ўргатишдан иборат бўлди.
Шунингдек, педагогларга тарбияси оғир, ўзлаштириш даражаси паст ва сабабсиз дарс машғулотларида иштирок этмайдиган ўқувчилар билан алоҳида тартибда шуғулланиш вазифаси юклатилди.