Миллий гвардия қўмондони раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ тунги вақтда пойтахтимиз бўйлаб ўрганиш ишларини олиб бормоқда
Ишчи гуруҳ томонидан Тошкент шаҳри туманларида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамда жамоатчилик ҳамкорлигида тунги вақтларда ташкил этилган чора-тадбирлар, ҳудудлардаги умумий вазият ҳамда маҳаллалар кесимидаги хавфсизлик масалалари ўрганилди.
Хусусан, ўрганиш ишлари Шайхонтохур, Миробод, Сергели ва Янгиҳаёт туманларида олиб борилди. Унда, Анхор Локомотив парк ва Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театрида хавфсизликни таъминлаш мақсадида йўлга қўйилган ҳамкорликдаги хизмат, Сергели туманидаги Жарқўрғон 24/7 гастрономик туризм кўчасидаги кўнгил очар объектлар, сайёҳлар ва маҳаллий аҳоли учун яратилган шарт-шароитлар, туташ маҳалларда ташкил қилинган ҳамкорликдаги тунги хизмат, бозор ва савдо мажмуаларида ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар, объектларнинг ишончли қўриқловини таъминлаш ҳамда хабар бўйича тезкор ҳаракатланувчи гуруҳларнинг ўз вақтида етиб келишига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу каби тадбирлар Янгиҳаёт туманида ҳам давом эттирилиб, “INDEX” савдо маркази, “Magic Safari” боғи ва унга яқин маҳаллаларда жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш юзасидан ташкил қилинган тунги хизмат ва унга жалб қилинган ҳуқуқ-тартибот органларининг ҳамкорлик масалалари кўздан кечирилиб, соҳага оид масъул раҳбарларнинг ахборотлари тингланди.
Ўрганиш жараёнида, аниқланган камчиликлар соҳа мутахассислари билан муҳокама қилиниб, ечими юзасидан зарур чоралар кўрилиши ҳамда келгусида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ишларни такомиллаштиришга оид мақсадли чора-тадбирлар белгиланган ҳолда тегишлилиги бўйича топшириқлар берилди.