3 Октябр 2025 йил 510

Меҳнат эзгулик ва фаровонликка йўл демак

Фойдали меҳнат ёки севимли машғулотлар билан шуғулланмаслик, бекорчилик инсонни танбал, ишёқмас қилибгина қолмай уни ҳаётга, ён-атрофга, яқинларига лоқайд муносабатда бўлишга олиб келади. Айниқса, ҳаёт йўлида билиб-билмай жиноят содир этиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган ёхуд озодликдан чеклаш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга ҳукм қилинган шахсларни ишга жойлаш, ҳалол меҳнатга жалб этиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, жамиятимизнинг фаол фуқароларига айлантиришга эътибор қаратилишининг боиси ҳам шундан. Бу йўналишда пойтахтимизда қатор идора ташкилотлар, хусусан, Тошкент шаҳар ИИББ ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда даврий равишда меҳнат ярмаркаларини ўтказиш йўлга қўйилган.

Шундай хайрли тадбирларнинг навбатдагиси Миробод туманида жойлашган Транспорт университети биносида ташкил этилди. Мазкур эзгу тадбир шаҳар ИИББ пробация бошқармаси, Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш марказлари ҳамкорлигида уюштирилди. Унда пойтахтнинг 12 та тумани пробация бўлимлари назорати остида турган маҳкумлар иштирок этишди. Тадбирда қатнашган корхона ва ташкилотларнинг масъуллари ўз ишхоналаридаги бўш ўринлар, ишчиларга яратилган шарт-шароитлар, ижтимоий пакетлар, иш вақтлари ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этиш билан бирга қатнашчиларнинг саволларига жавоблар беришди.

Суҳбатлар давомида таклиф этилаётган бўш иш ўринларига қизиққан маҳкумларга шу жойнинг ўзида йўлланмалар берилиб, ишга жойлашуви бўйича аризалар қабул қилинди. Туманлар кесимида бу: Шайхонтоҳур тумани – 7 та йўлланма, 3 иш ўрини, Сергели тумани – 8 та йўлланма, 3 иш ўрини, Учтепа тумани – 6 та йўлланма, 2 иш ўрини, Миробод тумани – 8 та йўлланма, 2 иш ўрини, Чилонзор тумани – 7 та йўлланма, 3 иш ўрини, Яккасарой тумани – 4 та йўлланма, 4 иш ўрини, Мирзо Улуғбек тумани – 5 та йўлланма, 4 иш ўрини, Юнусобод тумани – 7 та йўлланма, 4 иш ўрини, Олмазор тумани – 6 та йўлланма, 5 иш ўрини, Яшнобод тумани – 6 та йўлланма, 3 иш ўрини, Бектемир тумани – 4 та йўлланма, 3 иш ўринига эга бўлди. Умумий ҳисобга кўра, пробация назоратида бўлганларнинг қирқдан ошиғи доимий иш ўринларига эга бўлгани, шунча оилаларнинг рўзғори бутлангани, оила бағри тўлганидан дарак беради. Халқимизга хос бўлган бундай эзгу тадбирлар занжири мустаҳкам бўлиб, бир-бирига уланиб кетаверади.

Барча янгиликлар

Text to speech