27 Сентябр 2025 йил 495

Мавзулар долзарблигини вақт кўрсатмоқда

Пойтахт ИИББ ҳамда ҳудудий тузилмалари томонидан ўтказилаётган “Хавфсиз кибермакон” тезкор-профилактик тарғибот тадбирларида ҳеч бир маҳалла, идора-ташкилот ва муассасалар, ўқув даргоҳлари эътибордан четда қолаётгани йўқ. Ҳолбуки, унда кўтарилаётган мавзулар нафақат юртимизда балки жаҳон миқёсида ўзининг долзарблиги ва муҳимлиги билан эътиборга лойиқдир. Ахборот технологияларининг жадал ривожланиши, чегара билмас ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчиларнинг чекланмаганлиги бу борадаги ижобий сифатлар қаторида унинг инсониятга етказаётган таҳдид ва хавфини ҳам намойиш этмоқда. Кибермакондаги жиноятларга қарши кураш, ҳимоя иммунитетини кучайтириш, фуқароларимизни, айниқса ёшларни нопок кимсалар томонидан ёшлар ҳаёти, онгини заҳарлашга қаратилган хавфли ҳавола ва контентлардан асраш, огоҳлантириш, унга қарши курашиш йўл-йўриқларини тавсия этиш мақсадида пойтахтнинг Яккасарой тумани ИИО ФМБ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларнинг олдини олиш бўлинмаси масъуллари томонидан туманда жойлашган Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти маъмурияти, ишчи-хизматчилари билан учрашув ташкиллаштирилди. Тадбирда қатнашган туман ИИО ФМБ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларни олдини олиш бўлинмаси бошлиғи А.Сидиков, инспекторлар: Б.Тангиров ва А.Мамаюсуповлар юқоридаги мавзуларни амалиётдаги аниқ мисоллар ёрдамида ёритиб, уларнинг салбий оқибатлари, қонунда белгиланган жазолар ҳақида сўз юритдилар. Шунингдек, интернет орқали содир этилаётган жиноятларнинг кенг тарқалаётган турлари ва усуллари ҳақида тушунтиришлар бериб, ҳимояланиш чоралари бўйича тавсиялар ва йўл-йўриқларга эътиборни қаратишди. Учрашув сўнгида иштирокчилар маърузаларни тинглаш чоғида туғилган мавзуга оид саволларига батафсил жавоблар олишди. Бу каби тадбирларда иштирокчилар томонидан берилаётган саволларлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, мавзуларга ўз вақтида эътибор қаратилиб, чоралар белгиланмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech