Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2021 йилнинг сентябрь ойида қабул қилинган қарорда, содир этилган жиноятларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш, уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш масалаларини жойига чиққан ҳолда, “маҳаллабай” ва “соҳабай” муҳокама қилиш тартиби белгиланган. Ҳар бир жиноятни жойига чиқиб, кенг жамоатчиликни жалб этган ҳолда муҳокама қилиш, жамоавий таъсир кўрсатиш орқали келгусида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишини камайтириш ва олдини олишимиз мумкинлиги таъкидланган.
Шу мақсадда Сергели туман ИИО ФМБ ходимлари томонидан туман ҳудудларида ўтказиб келинаётган профилактика куни ҳамда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасидаги самарали ишлари бунга мисолдир. Шундай тадбирларнинг навбатдагисида тонгги йўриқнома ўтказишдан бошланди. Туман ИИО ФМБ раҳбарияти томонидан барча ходимларга тегишли кўрсатмалар ва топшириқлар берилгач, ходимлар ўз хизмат вазифаларига киришишди.
Таъкидлаш жоизки, маҳалла профилактика инспекторлари ўзлари фаолият юритаётган ҳудудларда ташкил этилган маҳалла телеграмм каналидан унумли фойдаланиб, кунлик жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган видео мурожаатларни йўллаб боришмоқда. Бу билан чекланиб қолмай, аҳоли ўртасида огоҳликка чақирувчи флаер, қўлланма ва эслатмалар тарқатилиши ҳам йўлга қўйилган.
Профилактика инспекторлари томонидан ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга тегишли равишда маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Шунингдек, “Тиғ” тадбирида жамоат жойларида совуқ қурол олиб юрган фуқаролар ҳам аниқланиб, олинган ашёвий далиллар тегишли тартибда ҳужжатлаштирилди.
Ўз ўрнида маҳаллаларда содир этилган жиноятлар туман раҳбарлари ва маҳалла еттилиги, маҳалла фаоллари ва аҳоли иштирокида муҳокама қилиниб, жамоатчилик ўртасида жиноятларга муросасизлик кайфиятини кучайтириш, ҳуқуқий саводхонлигини оширишга кенг ўрин берилмоқда.
Чунончи, 2025 йилнинг 1 апрели, соат 18.30 ларда тумандаги Қумариқ кўчасида вояга етмаган, 2008 йилда туғилган И. Одилжон ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмасада, “Траккер-2” автомашинасини бошқариб бораётиб, 1995 йилда туғилган велосипед ҳайдовчиси Ҳ. Сидиқни уриб юборган. Велосипедчи ўртача оғир тан жароҳати билан касалхонага ётқизилган. Мазкур ЙТҲ бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-модда 1-қисми (“Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш”) билан жиноят иши қўзғатилди. вояга етмаганга ота-онаси томонидан транспорт воситасини бошқариш имкони берилгани натижасида бир инсоннинг тан жароҳати олишига ва вояга етмаган шахснинг жиноий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлди.
Шу куни яна бир жиноят муҳокамаси ўтказилди. 2025 йил 12 апрель соат 17.00 ларда 1997 йилда туғилган Х.Тимур “Учувчилар” маҳалласида яшаб келиб, таниши 1997 йилда туғилган Ф. Дмитрий билан спиртли ичимлик истеъмол қилади. Ўзаро келиб чиққан жанжал туфайли уни уриб, тан жароҳати етказади. Ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 105-моддаси 1-қисми (Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Яна бир тан жароҳати етказиш жинояти 22 апрель куни соат 21.30 ларда Сергели тумани “Олтин водий” маҳалласида содир этилди. 1977 йилда туғилган И.Музаффар шу туманда яшовчи қариндоши, 1958 йилда туғилган И.Икромжон билан ўзаро жанжаллашиб, қасддан орқа бел соҳасига пичоқ уриб тан жароҳати етказади. Натижада Икромжон касалхонага ётқизилиб, Музаффарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Иккала ҳолатда ҳам фуқароларнинг арзимас гап талашиб бошлаган жанжали жиноят билан якун топди. Ўз вақтида бир гапдан қолиш, қўлига эрк бермаслик ҳақидаги тушунчалар билан яшаганда инсон, балки бу жиноятлар юз бермасмиди?!
Мазкур содир этилган жиноятлар маҳалла фаоллари, еттилиги ҳамда масъуллар иштирокида кенг муҳокама қилинди. Иштирокчиларнинг таклифлари асосида келгусида бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар белгиланиб, ижроси назоратга олинди.
Шундан сўнг тунги хизматга жалб қилинган ходимлар учун йўриқнома ўтказилди. Унда намунали хизмат қилган ходимларга туман ИИО ФМБ раҳбарияти томонидан миннатдорчилик билдирилиб, амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан ходимларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Бу каби жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, маҳаллаларда хавфсизликни таъминлаш борасидаги ишлар пойтахтнинг бошқа туманларида ҳам изчил давом эттирилмоқда.