Тошкент шаҳар ИИББ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказидаги болаларни масканда бўлиш давридаги қисқа муддатларда ўқитиш, тарбиялаш, ватанпарварлик туйғусини сингдириш, келгусида ҳуқуқбузарликлар содир этмаслик ёҳуд ўзлари ҳуқуқбузарликлар ва жиноят қурбонига айланмасликлари борасидаги ишлари давом этмоқда. Шу қаторда уларни мазмунли дам олишлари, дунёқарашлари ва маънавий савияларини ошириш мақсадида қатор маданий-маърифий тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Куни кеча Марказда бўлган болаларнинг Тошкент Ҳайвонот боғи ҳамда Тошкент Ботаника боғига экскурсияси уюштирилди. Ундан кўзланган мақсад: болаларни она табиат ва ҳайвонот олами билан яқиндан таништириш, мурғак қалбида табиатга, жониворларга меҳр-шафқат туйғусини уйғотиш, уларнинг ҳаётимизга ва табиатга кераклигини тушунтириш. Борлиқ ҳақидаги дунёқарашларини янада бойитиш, атроф-муҳитни асраш, биохилма-хилликларнинг инсон саломатлиги ҳамда ҳаётида қанчалик муҳим роль ўйнашини англатиш, атроф-муҳитни асраш, муҳофаза қилиш ҳиссини шакллантиришда бу каби тадбирлар муҳим аҳамиятга эга. Сайр чоғида болалар нафақат жониворлар ва турфа ўсимликлар дунёси билан яқиндан танишдилар, балки юртимизда ҳукмронлик қилаётган куз фасли гўзаллиги, дарахтларнинг ранго-ранглиги, гулларнинг чиройи, хазонрезгининг ўзгача тароватини ҳис қилиб, гўзаллигидан баҳраманд бўлишди. Ҳайвонот, мевали, манзарали ўсимликлар дунёси ҳақида қизиқарли маълумотлар олишган болалар катта таассурот ҳамда завқ-шавққа тўлиб Марказга қайтишди.