Куни кеча Тошкент шаҳар Янгиҳаёт тумани 3-сектор масъулларининг туманда жойлашган 8-умумтаълим мактабининг битирувчи синф ўқувчилари билан учрашуви бўлиб ўтди. Мазкур учрашув пойтахтимизда жорий йилнинг 15 январидан 15 февралига қадар ўтказилаётган “Соғлом ва хавфсиз пойтахт” ойлиги доирасида ташкил этилди. Йиғилишда ёшлар ўртасида психотроп, гиёҳвандлик ҳамда психофаол моддаларни “закладка” кўринишида, граффити чизиш орқали тарқатилишининг олдини олиш, истеъмол қилиш, олди-сотдиси билан шуғулланишга қарши кураш, шунингдек, ёшлар ўртасида жиноят, ҳуқуқбузарликлар содир этилишига йўл қўймаслик ҳақида сўз юритилди. Маърузачилар юқоридаги жиноят, ҳуқуқбузарликларнинг мудҳиш оқибатлари ҳақида ҳаётий мисоллар келтириб, интернет тармоқларидаги турли сайтлар, ҳаволаларга кириб, катта-катта пул ва бошқа турли васвасага солувчи нарсалар ваъда қилаётган ғаразли кимсаларнинг домига тушиб қолмаслик бўйича тушунтиришлар беришди. Шунингдек, тадбирда битирувчи ёшларни қийнаётган муаммолар билан бирга маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш борасида ёшларнинг ҳам таклиф ва мулоҳазалари тингланди. Йиғилиш сўнгида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат этишиб, масъуллар томонидан жавоблар олишди.