8 Май 2025 йил 702

Маҳаллалар – юрт таянчи

Маҳалла тушунчаси фақат бизнинг юртимизга хос. Маҳаллалар мамлакатда тинчлик-осойишталик ва барқарорликни таъминлашда, омма куч-ғайратини бунёдкорликка йўллашда муҳим аҳамият касб этади. Ушбу жамоат тузилмалари минг йиллик тарихга эга, десак муболаға бўлмайди. Пойтахтимизда олти юзга яқин маҳаллалар мавжуд бўлиб, унда турли миллат вакиллари тинч-тотув яшаб, меҳнат қилиб келмоқда. Мазкур маҳаллалар хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш учун Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси ходимлари туну кун хизматда. Жорий йилнинг январида Президентимиз томонидан қабул қилинган маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада оширишга қаратилган қарори бу ишларнинг узвий давоми бўлиб, бу борадаги ишлар суръатига ўзгача тус берди. Бош бошқарма ҳудудий тузилмаларида қарорнинг мазмун-моҳияти чуқур ўрганилиб, унинг ижросини тўлақонли бажариш бўйича қатор чора-тадбирлар белгиланиб, амалиётга татбиқ этилмоқда. Шундай тадбирлардан навбатдагиси пойтахтнинг Шайхонтоҳур тумани “Катта ҳовуз” маҳалласида маҳалла еттилиги, фаоллари ҳамда аҳли иштирокида ўтказилди. Унда туман ҳокими Б.Абубакиров, ИИО ФМБ бошлиғи О.Жамолов ва ДСИ бошлиғи Х.Мулладжановлар қатнашиб, мазкур қарорнинг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар. Хусусан, пробация ҳисобида турувчи фуқаролар, айниқса ёшлар, ёшларнинг миграцияси, фойдали меҳнат билан бандлиги, бўш вақтларини қандай ўтказаётгани борасида манзилли олиб борилаётган профилактик-тушунтириш ва бошқа амалиётларга эътибор қаратишди. Шунингдек, маҳалланинг қизил тоифада эканлиги, уни яшил тоифага ўтказиш бўйича аниқ чоралар белгилаш, иш режасини пухта ишлаб чиқиш, ҳамда белгиланган муддатларда ижросини таъминлаш бўйича зарурий кўрсатмалар берилиб, вазифалар белгиланди. Ҳудуднинг зарурати ўрганилиб, маҳаллага 30 та кузатув камералари, маҳалла ҳудудида жойлашган 1-сонли шаҳар клиник шифохонасига 42 та кузатув камералари ўрнатилди. 10 нафар ишсиз фуқароларнинг 7 нафарининг бандлиги таъминланди. Рўйхатга олинган 5 та камбағал оилани реестрдан чиқариш ҳамда камбағалликни тугатиш бўйича 3 ой муддат белгиланди. Бу каби маҳалла тинчлиги ва осойишталигини таъмнлашга қаратилга мақсадли ишлар пойтахтнинг барча маҳаллаларида амалга оширилмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech