Маҳалла бугун халққа энг яқин, одамлар ишонадиган, таянадиган чинакам бошқарув бўғинига айланди
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 14 октябрь куни ўтказилган навбатдаги видеоселектор йиғилишида маҳалла — барча ислоҳотларнинг марказий ва ҳал қилувчи бўғинига айлангани, биз қураётган Янги Ўзбекистоннинг пойдевори экани яна бир бор таъкидланди.
Йиғилиш давомида маҳалла фаолиятини янада такомиллаштириш, уни аниқ натижага йўналтирилган, замонга мос тизимга айлантириш юзасидан муҳим вазифа ва топшириқлар белгиланди.
Халққа яқинлашган бошқарув
“Сўнгги йилларда маҳалла нуфузини ошириш, унинг ҳуқуқий мақомини белгилаш бўйича катта ислоҳотлар амалга оширилди. Маҳаллада дастлаб “учлик”, “бешлик”, икки йил аввал эса “еттилик” тизими жорий қилиниб, дунёда ўхшаши йўқ бошқарув институти яратилди. Барча даражадаги раҳбарлар маҳаллага тушиб ишлашни ўрганди”, — деди давлатимиз раҳбари. Энг муҳими, ҳозир 55 мингдан зиёд ходим маҳалланинг ўзида аҳолига 100 га яқин давлат хизматларини кўрсатмоқда, муаммоларни жойида ҳал этиш учун ҳар бир маҳаллага ўзининг бюджети қилиб берилди. Бу нима дегани? Бу — маҳалланинг ижтимоий мақоми ошди, шу орқали давлат халққа яқинлашди, давлат билан мулоқот осонлашди деганидир. Аҳоли муаммо ва эҳтиёжларининг 88 фоизи “маҳалла еттилиги” орқали маҳалланинг ўзида ҳал этилмоқда, одамларнинг давлатга бўлган ишончи кунданкунга мустаҳкамланяпти. Президентимиз таъбири билан айтганда, саккиз йил олдин жамоатчилик асосида фаолият юритган маҳалла бугун халққа энг яқин, одамлар ишонадиган, таянадиган чинакам бошқарув бўғинига айланди. Эндиликда маҳалладаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш, яъни бу борада бошланган ишларни янада жонлантириш бўйича навбатдаги муҳим қадамлар ташланмоқда.