Пойтахтимиз маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш, жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш орқали бу каби салбий ҳолатларга барҳам бериш бўйича қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Пойтахт ҳудудида ИИББ ҳудудий тузилмалари томонидан мутасадди ташкилот ва идоралар ҳамкорлигида ўтказиб келинаётган “Пайшанба- профилактика куни”,”Хавфсиз ва соғлом юрт”, “Кибермаданиятни юксалтириш” ҳамда бошқа тадбирлар қаторида ваколатли раҳбарларнинг жойларда ҳудудлардаги криминоген ҳамда ижтимоий ҳолатларни ўрганиш, сайёр қабуллар ташкил этишлари натижасида бу борадаги ишлар натижакорлиги ошмоқда. Шундай сайёр қабулларни ташкиллаштириш ва ҳудудларни ўрганиш билан боғлиқ тадбирларнинг навбатдагиси Сергели тумани ИИО ФМБ бошлиғи, подполковник Баҳодир Анваров томонидан амалга оширилди. Тумандаги “Мададкор” маҳалла фуқаролари билан ўтказилган сайёр қабулда тўрт нафар фуқаронинг мурожаати жойида ижобий ҳал этилиб, иккитаси бўйича тегишли соҳа раҳбарларига кўрсатмалар берилиб, ижроси назоратга олинди. Маҳаллада хизмат кўрсатаётган Бошқарув-сервис компанияси фаолияти билан танишиб куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ўрганилиб, ҳолатни яхшилаш бўйича қўшимча топшириқлар берилди. Маҳалла ҳудудида жойлашган бозор сотувчилари билан ўтказилган суҳбатларда нарх-навони сунъий оширмаслик борасида тушунтириш ишлари олиб борилиб, ноқонуний савдоларга чек қўйилди. Маҳалладаги ёритилмаган, видеокузатув камералари ўрнатилмаган кўчаларга тунги ёритиш чироқлари ва кузатув камералари ўрнатиш бўйича Бошқарув-сервис компанияси ҳамда “Туманнур” раҳбарларига режали топшириқлар эслатиб ўтилди. Шунингдек, Б.Анваров маҳаллада яшовчи фуқаролар хонадонларига ташриф буюриб, куз-қиш мавсумида иссиқлик тизими ҳамда электр токи давомийлиги ҳолатларини ўрганиб, уларнинг бу борадаги фикр-мулоҳазалари ва эътирозларини тинглади.
Туманнинг Сергели-2 даҳасида жойлашган "Нилуфар" маҳалласида истиқомат қилувчи Ў.Давронбек, “Қубайтепа” маҳалласида яшовчи Б.Моҳигулларнинг мурожаати тингланиб, ижроси бўйича тегишли соҳа раҳбарлари зарур топшириқларни белгилаб олишди. Тумандаги 300-умумтаълим мактабининг битирувчи синф ўқувчилари билан ўтказилган суҳбатда "Хавфсиз ва соғлом юрт" тадбири доирасида Президентимизнинг 3 ноябрдаги аҳоли ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича имзолаган фармонининг мазмун-моҳияти ҳақида суҳбатлашилди. Уларга гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмаси ва тарқатилиши билан боғлиқ жиноятларнинг мудҳиш оқибатлари, шунингдек, қонунда белгиланган жазо чоралари ҳақида маълумотлар тақдим этилди. “Меҳригўё” маҳалласида яшовчи фуқаролар билан ўтказилган сайёр қабулда 15 нафар фуқароларнинг мурожаатлари тингланди. Шулардан бештаси жойида қаноатлантирилди, иккитаси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар, учтасининг ижроси юзасидан соҳавий хизмат ходимларига топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Мазкур маҳаллада ўрганиш ишлари олиб борилиб, кўп қаватли уйлар ортидаги пиёдалар йўлагида тунги чироқларнинг ишламаслиги, кузатув камералари ўрнатилмаганлиги аниқланиб, “Туманнур” ҳамда Бошқарув-сервис компанияси масъулларига зарурий кўрсатмалар берилди. Ҳудуддаги новвойхоналар фаолияти ўрганилганда, уларнинг санитар-гигиеник ҳолати қониқарсиз эканлиги аниқланиб, жавобгарлар қаттиқ огоҳлантирилди. Бу каби ҳудудлардаги мавжуд криминоген, ижтимоий-маиший ҳолатларни ўрганиш борасидаги ишлар барча пойтахт туманларида амалга ошириб келинмоқда.