29 Сентябр 2025 йил 466

Кўпчиликнинг баҳоси – ҳақ баҳо

Пойтахтимизнинг Яккасарой тумани турли миллат вакилларидан иборат аҳолиси зич жойлашган туманлардан бири. Туманда 21 та маҳалла мавжуд. Шоҳжаҳон маҳалласи шулардан бири. Ушбу маҳаллада тўрт мингга яқин аҳоли тинч-тотув истиқомат қилиб келади. Ана шу тинчлик-тотувлик, бирдамлик боис, маҳалла “яшил” тоифада. Ҳудудда катта бозор, битта олийгоҳ, Камолиддин Беҳзод номидаги институтнинг филиали, академик лицей, умумтаълим мактаби, мактабгача болалар муассасаси, кўплаб савдо ва маиший хизмат кўрсатиш нуқталари жойлашган. Мазкур масканларда жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, маҳалла хавфсизлигини таъминлаш қаторида ободонлаштириш, маҳалла аҳли бирдамлиги ва осойишталигини таъминлаш 4-сонли ИИБ ходимлари зиммасида. Лавҳамиз қаҳрамони - ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими катта инспектори, катта лейтенант Сирожиддин Шойқулов мазкур билим юрти ва масканларда, аҳоли ўртасида жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида профилактик тушунтириш ишларини мунтазам равишда ташкиллаштириб келмоқда. Шунингдек, бугунги кунда долзарб бўлган гиёҳвандликка, кибермаконда содир бўлаётган киберфирибгарлик ва кибержиноятларга қарши курашиш, талаба ва ўқувчилар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш тадбирларига бош-қош. Катта лейтенант С.Шойқулов ҳақида маҳалла фуқаролари фақат илиқ ва ижобий фикрлар билдириб, унинг хушмуомалалиги, ҳар бир фуқаро мурожаатларига тезкор эътибори, масалалар ечимини кечиктирмай ҳал этишини таъкидлаб, ўз миннатдорликларини изҳор этишидир. Унинг ўз касбига фидойилиги, жонкуярлиги, сидқидилдан хизматлари туманнинг Абдулла Қодирий маҳалласида юритган фаолияти давомида пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси, Яккасарой тумани ИИО ФМБ раҳбарияти томонидан фахрий ёрлиқлар, ташаккурномалар билан эътироф этилгани ҳам шундан.

– Бозорда бир сотувчининг дайди итга шафқатсиз муносабати мени ларзага солди, – дейди маҳалла фаолларидан бири Яна Бочкарева. – Ҳимоясиз, беозор ҳайвонга бундай муносабат ҳақида инспекторимизга мурожаат қилдим. Орадан кўп вақт ўтмай Сирожиддин ҳайвонларга раҳмсиз хатти-ҳаракатлар содир этган фуқарони топиб, маъмурий чора кўрди.

– Бу каби жониворларга бешафқат муносабатлар ҳақидаги мурожаатлар Сирожиддин Шойқуловнинг фаолиятида биринчиси эмас, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Бахтиёр Сиддиков. – Эътиборга моликлиги бундай мурожаатларнинг ҳеч қайси бири С. Шойқулов томонидан эътиборсиз қолдирилмагани. Қаровсиз итларни эса махсус қабулхоналарга жойлаштириб уларнинг ҳимоясини таъминлаши ҳам унинг одамийлиги, жониворлар ҳаётига бефарқ эмаслигидан далолатдир.

Юқорида келтирилган мисоллар профилактика катта инспектори, катта лейтенант Сирожиддин Шойқуловнинг фаолиятида ҳуқуқбузарликларнинг катта-кичиги, майда-чуйдалиги бўлмаслигидан дарак беради. Ҳаммага бирдек холисона муносабат қилган, ўз хизмат вазифаларига сидқидилдан ёндашган, эл хизматига жонкуяр, жониворларнинг ҳам ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қила олган инсон ҳақиқий инсон, деб ҳисоблашади маҳалла аҳли. Бу баҳода жон бор, албатта.

Барча янгиликлар

Text to speech