“Коррупция” сўзи нега нафақат бизнинг юртимизда балки бутун дунёда жуда кўп тилга олинади? Чунки, у давлат қонунларини четлаб ўтиш учун турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Шу боис бутун жаҳонда унга қарши кураш, муросасизлик ҳукмрон. Бу иллат шунчалар илдиз отган-ки, ҳар бир соҳада, ҳар бир маконда ўз кирдикорини бот-бот эслатиб туради. Жорий йилнинг 5 мартида Президентимизнинг Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида унинг ислоҳотларимиз йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов эканлигини таъкидлагани ҳам бежизга эмас. Айниқса, мансабдор шахсларнинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатлари ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий фойда олишга интилиши тез-тез учрайдиган ҳолатдир. Бироқ барчани бир ипга тизиб баҳо бериш нотўғри.
Келинг, шу кунларда бўлган далилий ҳолатларга эътибор берамиз.
Маълумки, чегаралар очилиб, халқимизнинг ўз эътиқоди ва диний мажбуриятларини адо этишлари учун кенг имкониятлар дарвозаси очилди. “Ҳаж”, “Умра” сафарлари орзудан ҳақиқатга айланди. Аммо бугунги кунда фуқароларимизнинг бу эзгу ниятларидан ўз ғаразли мақсадларида фойдаланишни режалаштирган нопок кимсалар ҳам йўқ эмас. Шундайлардан: масъулияти чекланган жамиятга қарашли сайёҳлик фирмаларидан бирининг норасмий ишчилари: 2002 йилда туғилган Ж.Т., 1985 йилда туғилган А.Ш., 1998 йилда туғилган А.Н., 1979 йилда туғилган А.А.лар офисда бўла туриб, фуқаро Г.Б ва унинг 2 нафар танишини ишчи визаси орқали “Ҳаж” зиёратига юбориш эвазига ҳар биридан 7.000 АҚШ доллари ҳамда Г.Б.нинг онасини зиёратга сайёҳлик визаси орқали юборишга ваъда бериб 20.000 АҚШ долларини олаётган вақтида қўлга олиндилар. Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (“Фирибгарлик”) билан жиноят иши қўзғатилди. Терговни юритиш пойтахт Миробод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, капитан Санжар Раимовга топширилди. Санжар 2015 йилдан ички ишлар органларида фаолият юритиб келмоқда.
Республика ИИВ Академиясини муваффақиятли тамомлаган, терговчилик фаолиятини Миробод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлимида бошлаган Санжар Раимов, пойтахтнинг Шайхонтоҳур, Чилонзор туманлари тергов бўлимларида ҳам фаолият юритиб, тажриба ва малакасини ошириб борди. 2024 йилда эса илк иш бошлаган Миробод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлимига қайтди.
Ўша куни жиноят иши бўйича тўпланган маълумотларни ва ашёвий далилларни кўздан кечириб, тегишли ҳужжатларни тайёрлаб, алламаҳалгача ўтирган терговчига фуқаро К.С. қабулига изн сўраётганини маълум қилишди. Қабулига келган К.С. анчадан буён гумонланувчи А.А.ни таниши, унинг “адашганлиги”, аслида ҳалол-поклигини мақтаб, жиноий жавобгарликка тортмаслиги, ҳибсдан озод қилиши эвазига 1000 АҚШ доллари таклиф қилди. Санжар ушбу шахсни пора олгангина эмас, уни берган шахс учун ҳам қаттиқ жазо белгилангани ҳақида бир неча маротаба огоҳлантиришига қарамай К.С. пул эвазига айнан А.А.га ёрдам беришни сўраб қўймади. Унинг қарори қатъийлигини англаган Санжар бу ҳақда тегишли соҳа вакилларига маълум қилди. Тезкор тадбир жараёнида, яъни 12 апрель куни К.С. пулларни олиб келиб, терговчига бераётган пайтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди. К.С.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси (“Пора бериш”) билан жиноят иши қўзғатилди. Энди у мансабдор шахсга пора берганлиги учун қонун олдида жавоб бермоқда.
Терговчи, капитан С.Раимовнинг хизмат вазифаларига виждонан ёндашиши, ҳалоллиги, ички ишлар ходими шаънини юқори тутиши, жиноятчиларга муросасизлиги кўп бора раҳбариятнинг эътиборига тушган. Раҳбарият томонидан берилган кўплаб фахрий ёрлиқлар, ташаккурномалар ва бошқа мукофотлар бунга гувоҳлик беради. Унинг мазкур – ўз вазифасига ҳалол муносабати, ходим деган номга доғ туширмаганлиги, бойлик васвасасига учмаганлиги ҳолати ҳам эътиборсиз қолмади. Раҳбарият томонидан капитан С.Раимовга тантанали равишда пул мукофоти топширилиб, ташаккурнома эълон қилинди.