Журналист ва блогерлар Тошкент шаҳар ИИББ ЖТСБ Кинология хизматининг янгиланган маъмурий биносига келишди. Бу ерда уларга 9 та алоҳида мақсаддаги бинолар ва уларнинг вазифалари таништирилди.
Янги бино икки қаватдан иборат бўлиб, биринчи қаватда навбатчилик бўлими, музей, маърифат зали, спорт зал, ўқув хонаси, бўлинма бошлиқлари ва гуруҳ командирлари учун хизмат хоналари жойлашган. Иккинчи қават эса мажлислар зали, ётоқхона, омборхона ва махсус воситалар сақланадиган хонадан ташкил топган.
Меҳмонларга хизмат итларининг машғулот жараёнлари, имитатсия хоналари, йўриқчи итлар билан ишлаш жараёни ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш хоналари кўрсатилди. Шунингдек, жониворлар учун ажратилган волерлар ҳақида маълумот берилди.
Интервью жараёнида айтилган маълумотларга кўра, кинология хизмати жорий йил бошидан қуйидаги натижаларга эришган:
- Фош этилган жами жиноятлар сони — 200 та. - Гиёҳвандлик моддалар миқдори — 664.88 грамм. - Профилактик текширувлар сони — 900 та.
Марказда яратилган шароитлар ҳамда жанговор хизмат итлари ҳамкасбларимизда ёрқин таассуротлар ҳамда эсталик фотоларини қолдирди.