9 Октябр 2025 йил 343

“Кексалар ҳафталиги” доирасида учрашув бўлиб ўтди

Кексалик инсон ҳаётининг ажиб фасли. Буни донишмандлик палласи десак ҳам муболаға бўлмайди. Чунки, умрнинг бу даврига етиб келгунга қадар инсон не-не сир-синоатларни англаб етади, ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотиб кўради. Азалдан халқимизда бирор ишга қўл уришдан аввал ёши улуғлардан маслаҳат ва йўриқлар олиш одатга айланган. Бу халқона қадриятлар давлат сиёсати даражасига кўтарилгани бежизга эмас. Уларнинг ҳаёти даврида орттирган тажрибалари, қонунда ёзилмаган ўгит ва кўникмалари ёш авлод учун ибрат ва намуна мактабидир. Шу боис “Кексалар ҳафталиги” доирасида пойтахтимизнинг Юнусобод тумани ИИО ФМБ ташаббуси билан Тошкент халқаро университетида туман ИИО ФМБ фахрийларининг билим юрти талабалари билан учрашуви бўлиб ўтди. Тадбирда фахрийлар ўз талабалик йиллари, ўқиш, билим олишга бўлган иштиёқи, талабаликнинг ўзига хос қийинчиликлари, хизматга илк қўйилган қадамлари билан боғлиқ хотиралари билан бўлишишди. Хусусан, бугунги кунда талабалар учун яратилаётган шарт-шароитлар, имкониятлар, билим олишга рағбатлантириш кабилар ҳам таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, ёшларни бу фурсатнинг қадрига етиш, чуқур билим олиб, юртимиз шаънини дунёга танитадиган илм-фан чўққиларини эгаллаш, тинчлигимизнинг қадрига етишга даъват этилди. Фахрийларнинг хизмат ва ҳаётий тажрибалари ҳақидаги суҳбатлари талабаларни бефарқ қолдирмади. Айниқса, аксарият фахрийларимизнинг ижод билан шуғулланиб, ўз ижодлари маҳсули бўлган шеърларини ўқиб, тадбирга бадиий тус бериши қарсаклар билан кутиб олинди. Катта қизиқиш ва эътибор билан фахрийлар чиқишларини тинглаган талабалар уларни саволларга тутиш орқали ўтган давр ҳаёти ҳақида янада кўпроқ маълумотларга эга бўлишди. Суҳбат билим даргоҳи маъмурияти томонидан ёзилган файзли дастурхон атрофида ҳам давом этди. Тадбир авлодлар ўртасидаги занжирни мустаҳкамлаб, қадриятларимизга юксак эҳтиром ҳиссини шакллантиришда кўприк бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.

Барча янгиликлар

Text to speech