5 Сентябр 2025 йил 501

Ишонтириш санъати — бу истеъдод

Фарҳодбек ўта хушмуомала, суҳбатга тез киришувчанлиги, очиқлиги, суҳбатдошида яхши фикр қолдириши билан ажралиб туради. Унинг бу сифатлари бир неча бор соддадил фуқароларни чув тушириб, икки маротаба суднинг қора курсисига ўтиришига, ёлғон кўз ёшлари тўкиб, енгил жазо олишига сабаб бўлган. Бироқ шунга қарамай қилмишларидан тегишли сабоқ олмаган кўринади. 2024 йилнинг бошидаёқ эски ҳунарини қўмсаб, безовталана бошлади. 10 январь куни таваккал қилиб Чилонзор туманида жойлашган йирик савдо марказига йўл олди. Марказ олдида Ҳ.Тоҳиржон билан танишиб, суҳбатга тортди. У ёқ-бу ёқдан бошланган суҳбат жуда самимий, дўстона тус олди. Гурунглашишаркан Тоҳиржон 1.200 АҚШ долларига сотиб олган “Iphone 14 PRO Max” уяли телефонини пул кераклиги боис сотмоқчи эканлигини айтиб қолди. Фарҳодбек дарҳол ташаббусни қўлга олиб, бир таниши худди шундай телефон олмоқчилигини, пули тайёр эканлигини айтади. Гўёки рост гапираётганини исботлаш учун телефонда қандайдир рақамлар териб – аммо негадир сал четроққа чиқиб гаплашган бўлди. Афсуски, аллақачон унинг “тўрига” илинган Тоҳиржон унинг бу ҳаракатига эътибор бермади. Тоҳиржоннинг катта бир муаммосини ҳал қилгандек, хурсандчилик билан “иш пишганини”, 20 январь куни худди шу ерда учрашиб пулини беришга ишонтирди ва телефонини чўнтагига солди. Шу кетганча сувга тушган тошдек қорасини кўрсатмади. Тоҳиржон ваъдалашган куни учрашув жойига келиб сарғайганча кунни ўтказди. Билмайдики, ҳожатбарор таниши ўша куннинг ўзидаёқ телефонни арзон гаровга сотиб, аллақачон пулларни ўз эҳтиёжига ишлатиб юборганлигини. Ниҳоят алданганлигини англаб етган Тоҳиржон ички ишлар идораларига мурожаат қилди.

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди очиқ суд мажлисида 1975 йилда туғилган, муқаддам шунга ўхшаш жиноятлари учун судланган Б.Фарҳодбекнинг жиноий қилмишларига қонунан баҳо бериб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбдор деб топди. Суд айбдорнинг чин дилдан пушаймонлиги, моддий зарарни тўлиқ қоплаганлигини эътиборга олиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилди.
Мазкур жиноят иши тафсилотлари билан Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Шаҳзод Анваров таништирди.

Барча янгиликлар

Text to speech