Пойтахтимизнинг Чилонзор туман ҳокимлиги биносида шаҳар аҳолисининг мурожаатларини ўрганиш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти, шаҳар Халқ қабулхонаси мудири ва туман ҳокимининг навбатдаги сайёр қабули ўтказилди. Қабулга юридик ҳамда шахсий фуқаролардан 56 та мурожаатлар келиб тушди. Мурожаатларни ўрганиш, фуқаролар билан юзма-юз суҳбатлашиш жараёнида 13 нафар фуқаронинг муаммолари жойида ҳал этилди. Қўшимча текширув ва келтирилган важ-карсонларга аниқлик киритишни талаб қиладиган 43 та мурожаатларга ижро муддатлари белгиланиб, ижроси қатъий назоратга олинди.
Сайёр қабул масъуллари ўрганиб чиққан мурожаатлар мазмун-моҳиятига кўра, 5 таси ички ишлар органларига хизматга қабул қилиш, 35 таси тергов ва суриштирув ҳаракатлари, 9 таси пробациядан муддатидан олдин озод қилиш, 4 таси паспорт масаласи, 3 таси бошқа масалани ташкил этди.
Овораи-сарсонгарчиликсиз муаммолари ҳал этилган фуқаролар қабул аъзоларига ўз миннатдорликларини изҳор этишди. Аҳолини қийнаб келаётган муаммоларини ўрганиш, ўз вақтида уларга ечим топиш ортидан жамиятимиздаги камчиликларга барҳам бериш билан бирга халқимизнинг давлатимизга, қонунчиликка, адолатга бўлган ишончи мустаҳкамланиши бегумон.