22 Ноябр 2025 йил 242

Ижтимоий тармоқлар маданиятни талаб қилади

Бугунги ахборот асри даврида рақамли ахборот технологияларининг жадал ривожланиши ҳар бир мамлакат, ҳар бир хонадон, ҳар бир инсоннинг ҳаётида муҳим аҳамият касб этмоқда. Афсуски, унинг афзалликлари, фойдали, қулайлиги, тезкорлиги қаторида салбий томонлари ҳам илдиз отиб бораётир. Ғараз ниятли, нопок шахслар рақамли технологиялар, ижтимоий тармоқларнинг имкониятларидан ўз жинояткорона қилмишларини амалга ошириб, мўмай даромад топиш, фуқароларнинг, давлат идораларининг маблағларига кўз олайтириб, бойиб кетиш ёки шахсий хусумати сабаб ўзга шахсдан ўч олиш ниятида ҳалол, пок кимсаларнинг шаъни, қадр-қимматини камситиш, обрўсизлантириш йўлида фойдаланмоқда. Пойтахт ҳудудида ўтказилаётган “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги” доирасида Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ ходимлари томонидан ижтимоий тармоқлар орқали содир этилган яна бир жиноятнинг фош этилишига эришилди. Жорий йилнинг 18 октябридан туманда истиқомат қилувчи 1985 йилда туғилган М.Раҳмоналининг шахсий аккаунтига номаълум шахслар томонидан унинг шаънига нисбатан ҳақоратли, қадр-қимматини камситувчи, таҳқирловчи хабарлар, турмуш ўртоғи шаънига туҳмат аралашган ёзув ва изоҳлар, монтаж йўли билан тайёрланган ахлоқсиз видеотасвирлар жойлаштирила бошланган. Фуқаро М.Раҳмоналининг мурожаатига асосан туман ИИО ФМБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми (“Туҳмат”) ва 140-моддаси 2-қисми (“Ҳақорат қилиш”) билан жиноят иши қўзғатилган. Тўпланган ҳужжатлар бўйича олиб борилган тергов ҳаракатлари натижасида ушбу ҳаракатларни содир этган фуқаролар гумонланувчи сифатида жалб қилиниб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳурматли фуқаролар, унутманг! Туҳмат қилиш, яъни била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш, шунингдек ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш каби хатти-ҳаракатлар учун Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра жавобгарлик белгиланган.

Барча янгиликлар

Text to speech