19 Июл 2025 йил 606

Ижод хизматга қанот бағишлайди

"Ватан ҳимояси учун
Турар бирдек ҳаммаси,
Олқишлар бўлсин сизга
Ҳарбийларнинг оиласи.

Осойиишта замонда
Қўшган кўплаб ҳиссаси,
Ватан корига мадор
Ҳарбийларнинг оиласи.

Руҳан мадад ватанга
Юртим ёшу кексаси,
Файзингиз ошиб борсин
Ҳарбийларнинг оиласи.

Ватан тинчдир ҳар замон
Дуоингиз меваси,
Доим бўлинг соғ-омон
Ҳарбийларнинг оиласи".

Бу шеър Тошкент шаҳар Яшнобод тумани ИИО ФМБ “Уйсозлар” маҳалласи профилактика инспектори, лейтенант Обиджон Олимжоновнинг ижодидан. Обиджон ҳали ўрта мактабнинг 5-6-синфида ўқиётган вақтидаёқ ҳуқуқшунос бўлишни кўнглига туккан шу билан бирга бадиий ижодга катта қизиқиш билан боққан эди. Турли танловларда иштирок этиб, совринли ўринлар олишга муваффақ бўлган. У 2024 йилда Республика Бош прокуратураси ҳузуридаги Ҳуқуқни муҳофаза қилиш Академиясини муваффақиятли тамомлаб, юқоридаги лавозимда меҳнат фаолиятини бошлади. Ички ишлар органларида узоқ йиллардан буён хизмат қилиб келаётган профилактика катта инспектори, подполковник Улуғбек Бадалов, профилактика инспектори, капитан Иззатилла Абдулатиповлар зийрак, азму шижоати юриш-туришида барқ уриб турган ёш, шоиртабиат йигитга соҳанинг паст-баландини ўргатаркан, ижод билан шуғулланишни канда қилмасликни зотан, ижод инсонга ўзгача улуғлик ва файз бағишлашини такрор ва такрор эътироф этишарди. Обиджон яқин орада ўз шеърий тўпламларини нашр этиш арафасида. Шунингдек, Обиджон хизматдан ажралмаган ҳолда бугунги кунда пойтахт ИИББ қошида ташкил этилган “Ниҳол” бадиий ҳаваскорлик гуруҳида ҳам бошловчи сифатида, ҳам бадиий саҳналарда фаол иштирок этиб келмоқда.
Энди лавҳамиз қаҳрамонининг хизмат фаолиятига келсак, у фаолият юритаётган маҳалла ҳудудида 6 700 нафар турли миллат вакиллари аҳилликда умргузаронлик қилиб келмоқда. Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, маҳалланинг ўзига яраша кам-кўсти бор. Спиртли ичимликларга ружу қўйганлар 30 нафарни, жанжалкаш, низоли оилалар 10 тани, жиноят қилишга мойил шахслар 20 га яқинни ташкил этади. Бу оилалар ва фуқаролар билан ишлаш ва яна ишлаш керак. Профилактика инспекторлари, хусусан, лейтенант Обиджон Олимжонов маҳалла еттилиги ҳамда фаолларини бир мақсадга йўналтириб, ушбу оила ва шахслар билан изчил, манзилбай ва хонадонбай профилактик-тушунтириш ишлари юритувини йўлга қўйган. Уларга нисбатан жамоавий таъсир чоралари, профилактик суҳбатлар ўтказиб келинмоқда. Бундай оилаларнинг яшаш манзилларига “ташвиш” тугмалари, кўп қаватли уйлар йўлакларига кузатув камералари ўрнатилган. Ижтимоий тармоқда фаолият юритаётган “Маҳалла” канали орқали маҳалладаги вазият, аҳолининг жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган таклиф ва эътирозларини ўрганиш билан бирга, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва саводхонлигини оширишга қаратилган тадбирлар ҳам олиб борилмоқда. Чунончи, ижтимоий тармоқларда узатилаётган контентларга ишонавермаслик, айниқса, ёшларни бузғунчи, қадриятларимизга ёт ғоялардан асраш, одам савдоси, гиёҳвандликка қарши кураш, сўнгги пайтларда кўпайиб бораётган киберфирибгарлик ҳамда кибержиноятлардан огоҳ этиш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. Ҳудуд ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ходимлари қатори лейтенант Обиджон Олимжонов ҳам “қизил” тоифадан “сариқ” тоифага ўтган маҳаллани “яшил” тоифага ўтказиш йўлида маҳалла еттилиги ҳамда ҳамкор ташкилотлар ва мутасаддилар кўмагида биргаликда ҳаракат қилишмоқда. Шуни ҳам таъкидламоқ жоизки, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли маҳалла “Обод маҳалла” дастурига киритилди. Лейтенант Обиджон Олимжонов бу муваффақиятлар билан чекланиб қолмоқчи эмас. Келгусида билимларини ошириш учун илмий даражага интилиш ҳамда ички ишлар органларида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, омма билан ишлаш бўйича дастур ва ишланмалар яратишни режалаштирган. Унинг интилишларига оқ йўл тилаб, бу эзгу мақсадларда унга омад ёр бўлсин, деймиз.

Барча янгиликлар

Text to speech