Пойтахтдаги олийгоҳлардан бирини тамомлаган Алишер техникумлардан бирида дарс бера бошлади. Уйланди, уч нафар фарзандли бўлди. Орзулари, аниқроғи хомхаёллари тизгинсиз бўлган Алишер оила ташвишларидан ортмай қолди. У эса мўл-кўлчилик, ҳашамат ва дабдабада яшашни истарди. Нафс балосига йўлиққан Алишер ўз талабаси бўлган Ботирнинг кўнглига қўл солиб кўрди. Йигит ўқишни университетда давом эттиришни жуда-жуда хоҳлаши, бироқ ўқишга кириши даргумон эканлигига шаъма қилди. Фурсатдан фойдаланган Алишер таниш-билишлари орқали олийгоҳга киритиб қўйишига ишонтириб унинг 8.000 АҚШ долларини олди. Бироқ сири фош бўлгач, фирибгарлик моддаси билан суд томонидан 2 йилу 6 ойга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди. Олий маълумотли, оқ-қорани таниган ёшда, қонунга қарши иш қилиб жазосини олганига қарамай Алишер бундан тегишли хулоса чиқармади. У таниши М. Дилнозанинг ишончига кириб, уни Тошкент Педиатрия тиббиёт институтига ўқишга киритиб қўйишга ваъда бериб, аввал 16.000 сўнгра яна 2.000 жами 18.000 АҚШ доллари талаб қилди. Бироқ 2023 йилнинг 7 августида Дилнозадан 13.000 АҚШ доллари олаётган пайтида ходимлар томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди очиқ суд мажлисида 1982 йилда туғилган, муқаддам судланган С. Алишернинг қилмишини қонунан баҳолаб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (“Фирибгарлик”) ва 211-моддаси 3-қисми “а” бандида (“Пора бериш”) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди. Ҳамда унга 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Мазкур жиноят иши тафсилотлари Учтепа тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, капитан Нурмуҳаммад Хўжаяров иш юритувидан олинди.