Ички ишлар вазирлиги ишчи гуруҳ томонидан пойтахтнинг Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туманларида тунги хизмат фаолияти ўрганилди
Ички ишлар вазирлиги ишчи гуруҳ томонидан пойтахтнинг Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туманларида шахсий таркибнинг ҳамкор ташкилотлар иштирокида тунги вақтларда ташкил этилаётган хизмат фаолияти, куз-қиш мавсумига тайёргарлик, аҳолининг турар жой ҳамда энергетика объектларида хавфсизликни таъминлаш ишлари ўрганилмоқда.
Хусусан, Юнусобод туманидаги криминоген вазияти оғир ҳисобланган “Мирзо Улуғбек” маҳалласида жиноятларни барвақт олдини олиш борасида ташкил этилган ишлар бўйича маҳалла еттилиги фаолияти ўрганилди. Ҳудудда ижтимоий-иқтисодий ва криминоген вазиятни барқарорлаштириш, маҳаллада хавфсиз муҳит яратиш ҳамда аҳолини долзарб муаммоларини ҳал этиш борасида масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Шунингдек, туманнинг Чингиз Айтматов кўчасида жойлашган “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари миллий тадқиқот университети” ётоқхонасида вақтинча истиқомат қилаётган ўқитувчи ва талабалар учун яратилган шарт-шароитлар, электр ва иссиқлик энергияси билан узлуксиз таъминланганлиги ҳамда авариявий ёки бошқа фавқулодда ҳолатлар юзага келишини олдини олиш ва бартараф этиш чоралари ўрганилди.
Ишчи гуруҳ томонидан Юнусобод тумани “Олой деҳқон бозори” мажмуасида аҳолига хизмат кўрсатиш ва тадбиркорларга яратилган шарт-шароитлар ҳамда ҳудудда ва хавфсизликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишилди.
Тадбир давомида “Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек номидаги марказий истироҳат боғи”да хавфсизликни таъминлаш ишлари билан танишилди. Мазкур масканда хизматни ташкил этиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда аҳоли ва пойтахт меҳмонлари учун яратилган шарт-шароитлар ўрганилди.
Ўрганишлар давомида Мирзо Улуғбек тумани “Янги Олмачи” маҳалласида жойлашган “Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети” ётоқхонасидаги хавфсизликка оид шароитлар, электр ва иссиқлик энергияси таъминоти ҳамда авариявий ҳодисаларни олдини олиш ва бартараф этиш чоралари ўрганилди. Фаол талабалардан ташкил топган “Қалқон” гуруҳи иштирокчилари билан суҳбатлашилди.
Жараёнда, Тошкент шаҳар ИИББ Миграция ва персоналлаштириш бошқармасида тунги хизматга жалб этилган ходимларнинг иш фаолияти билан танишилди. Бошқарманинг маъмурий биносини замон талаблари асосида қайта қуриш ва хизмат шароитини яхшилаш борасида мутасаддиларнинг тақдимоти тингланди.
Мазкур тадбирлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида давом этмоқда.