2 Декабр 2025 йил 230

“Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги доирасида очиқ мулоқотлар

Ёшларни турли салбий иллатлардан асраш, ҳуқуқий онги, маданиятини шакллантириш, бугунги кунда ижтимоий тармоқлар орқали хавф солаётган гиёҳвандлик, диний-экстремизм, бузғунчи ғоялар, кибержиноятлардан асраш борасида пойтахт ички ишлар органлари томонидан қатор тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Шундай тадбирларнинг навбатдаги очиқ мулоқот шаклидаги учрашувлар Юнусобод тумани ИИО ФМБ бошлиғи, полковник Маҳкам Вафоев томонидан ўтказилди. Юнусобод туманида жойлашган Тошкент Давлат иқтисодиёт университетининг талабалари иштирокида, шунингдек Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги Тошкент Ахборот технологиялари Университети талабалари орасида бўлиб ўтган учрашувларда соҳавий хизматлар масъуллари ҳам қатнашдилар. “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги доирасида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилмоқда.

Тадбирларда сўзга чиққан полковник М.Вафоев жиноятчиликнинг олдини олишда ёшларнинг фаоллиги, ижтимоий масъулияти ва онлайн хавфсизликни таъминлаш масалалари борасида сўз юритиб, салбий ҳолатлардан ҳимояланиш бўйича керакли тавсиялар ва йўриқларга тўхталди. Талабалар олдида сўзга чиққан соҳавий хизмат ходимлари мавзуни давом эттириб, ёшларга ҳуқуқбузарликларнинг аянчли оқибатлари, жамоат тартибини сақлашда аҳолининг, хусусан ёшларнинг ўрни, улар орасида кенг тарқалиб бораётган гиёҳвандлик воситалари, психотроп, кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмаси, тарқатилиши билан боғлиқ жиноятлар ва бошқа хавфли омиллар ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этдилар. Мулоқот якунида талабаларнинг саволларига жавоб берилиб, хавфсизлик бўйича амалий тавсиялар, фавқулодда ҳолатларда тўғри ҳаракат қилиш қоидалари тушунтирилди. Семинар ёшлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва соғлом турмуш тарзига бўлган иштиёқини кучайтиришга хизмат қилиши табиий.

Барча янгиликлар

Text to speech