Пойтахтимиз ҳудудида жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг ҳар қандай кўринишларининг олдини олиш орқали маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, криминоген вазиятни мўътадиллаштириш, аҳоли тинчлиги-осойишталигини таъминлаш, ҳуқуқ ва эркинликларини, манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муҳим тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Амалга оширилаётган тадбирлар ўз самарасини бериб, кўплаб жиноятларнинг олди олинмоқда. Шу ўринда жорий йилнинг 3 ноябрида Президентимиз томонидан имзоланган аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш борасидаги Фармонининг ижросини таъминлашга қаратилган “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги доирасидаги жараёнларнинг ҳам суръати жадаллашгани аҳамиятлидир.
Жорий йилнинг 23 ноябрь куни Яккасарой тумани ҳудудида туман ИИО ФМБ тезкор ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ўзини шубҳали тутган, 2006 йилда туғилган, Р.Юнус ходимлар томонидан тўхтатиб текширилди. Холислар иштирокида ўтказилган текширувлар натижасида, унинг ёнидан қора рангли изолентага ўралган 2 дона, оғирлиги 3 граммли гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланиб, расмийлаштириб олинди. Шундан сўнг унинг вақтинча яшаш жойи холислар иштирокида кўздан кечирилганда, қизил изолентага қадоқланиб ўралган 45 гр гиёҳвандлик моддаси аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат бўйича Яккасарой тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (“Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш”) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва пойтахтимиз меҳмонлари! Гиёҳвандлик моддалари ёки кучли таъсир қилувчи воситаларни тарқатиш билан шуғулланувчилар, шунингдек наркограффити ёзувларини ёзиб кетувчи шахслар ҳақида бирор маълумотга эга бўлсангиз, ИИВнинг 71-231-55-54, 71-231-55-00, 77-353-55-00, 77-454-55-00 телефон рақамларига ёки @stopnarko_bot телеграм боти орқали мурожаат қилишингизни сўраймиз. Мурожаатчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.