Пойтахтимизда “Хавфсиз ва соғлом юрт” тадбири давом этмоқда. Мазкур кенг қамровли тадбир жараёни мавжуд маҳаллалар, корхона-ташкилотлар, ўқув муассасалари, аҳолининг барча қатламларини қамраган. Тадбирда ҳудудларда жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жамиятимиз ҳаётига жиддий хавф солаётган кибермакондаги жиноятлар, глобал муаммога айланиб бораётган гиёҳвандликнинг ноқонуний айланмаси ҳамда тарқатилишининг олдини олиш ишларига муҳим аҳамият берилмоқда. Хусусан, пойтахтимизнинг Бектемир туманида жойлашган Қуюв-механика заводида “Кибермаданиятни юксалтириш” ойлиги доирасида туман ИИО ФМБ бошлиғи, подполковник Улуғбек Агзамходжаев томонидан очиқ мулоқот тарзидаги профилактик учрашув бўлиб ўтди. Завод маъмурияти, ишчи-хизматчилари қатнашган учрашувда У.Агзамходжаев йиғилганлар эътиборига ижтимоий тармоқлар орқали содир этилаётган киберфирибгарликларнинг турли кўринишлари, гиёҳванд моддалар олди-сотдисига даъват, диний-экстремистик қарашлар тарғиби, уларнинг салбий ва мудҳиш оқибатлари ҳақида батафсил маълумотларни тақдим этди. Шу билан бирга улардан ҳимояланиш, сохта, тасдиқланмаган маълумотлардан огоҳ бўлиш бўйича тавсиялар бериб, уйда фарзандларининг нималар билан машғуллиги, ижтимоий тармоқларда нималарни кузатаётгани, қандай ҳаволалардан фойдаланаётганликларига аҳамият беришга чақирди. Шунингдек, жиноятчиликнинг олдини олиш, интернетдан фойдаланишда эҳтиёт чораларини кўриш, наркожиноятчиликка қарши кураш, ёшлар ўртасида профилактика ишларини кучайтириш, экология масалалари, хусусан, ҳудудларда тозаликни таъминлаш, сув насосларини ишга тушириш, ювиш ва кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш зарурлиги ҳам кўрсатиб ўтилди. Ўтказилган учрашув завод жамоаси ўртасида ҳуқуқий маданиятни ошириш, хавфсизлик масалаларига эътиборни кучайтириш ҳамда экологик муҳитни яхшилашга қаратилган муҳим ва фойдали тадбир бўлди.