1 Ноябр 2025 йил 248

Ҳафталик доирасида: оила-турмушдаги муаммолар ечими

Жамиятимизда аёлларнинг ўрни ва нуфузига ҳамиша катта эътибор ва ҳурмат билан ёндашилган. Шарқ аёлларининг донолик, вафо, садоқат, меҳр-шафқат ва гўзаллик борасидаги тавсифи асрлар давомида мадҳ этиб келинган. Бироқ бугунги глобаллашув даврида аёлларимиз томонидан маъмурий ҳамда жиноий қонунбузилиш ҳолатларининг қайд этилаётгани баробарида уларга нисбатан зўравонлик, турли тазйиқ ва камситилишларнинг содир этилаётгани ҳам сир эмас. Бу каби ҳар икки салбий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича Тошкент шаҳар ИИББ томонидан “Оила-турмуш” ҳафталиги ўтказилмоқда. Ҳафталик давомида мутасадди ташкилот масъуллари ҳамкорлигида олти юздан ортиқ оилалар ўрганилди. Ўрганишлар давомида 788 нафар аёлдан 258 нафарининг ишсизлиги аниқланди. Жойларда ИИО ФМБ Хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлари томонидан жами етмишдан ортиқ носоғлом ҳаёт тарзи кечираётган шахсларнинг оилалари хонадонбай ўрганилиб, ўтказилган якка тартибдаги профилактик суҳбатлар жараёнида уларнинг муаммолари тингланди. Хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар, мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида аёлларнинг 10 нафари ишга жойлаштирилди, 29 нафарига моддий ёрдам кўрсатилди, 2 нафари тиббий диспансерга юборилди, 6 нафарига шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар қайта тикланишида, 5 нафарига тадбиркорлик фаолиятини йўлга кўйишда ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, 7 нафари таълим муассасаларига қайтарилди, 8 нафари “Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказ”ларига жойлаштирилди.

Таъкидлаш жоизки, бу борадаги ишлар ҳамиша ИИББ раҳбариятининг доимий диққат марказида бўлиб, кўплаб амалий ишлар олиб борилмоқда. Фикримизнинг далили сифатида қуйидаги мисолларни келтириш мумкин. Шайхонтоҳур туманида яшовчи фуқаро А.Р.нинг оиласида мунтазам равишда жанжал бўлиб, турмуш ўртоғи томонидан аёлига нисбатан зўравонлик ҳолатлари содир этиб келинганлиги боис оила ажрим ёқасига келиб қолганди. Туман ИИО ФМБ Хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар томонидан ушбу ҳолат ўрганилиб, ҳимоя ордери расмийлаштирилди. Олиб борилган профилактик суҳбатлар, муаммога индивидуал ёндашувлар натижасида улар ўзаро ярашиб олишди ва тинч-тотув яшаб келишмоқда.

Янгиҳаёт туманида яшовчи ногиронлиги бўлган М.Ш.га болалар массажини ўрганиш бўйича ўқув курсида ўқиш юзасидан йўлланма берилган эди. Аёл бугунги кунда касб-ҳунар ўрганиб, ўзини ўзи банд қилиб ишлаб келмоқда. Шаҳримиз хотин-қизларининг муаммоларини ўрганиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятнинг тўлақонли, фаол фуқароларига айлантириш борасидаги эзгу ишлар кўлами давом эттирилмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech