30 Ноябр 2024 йил 1112

Гўё қўл бировникидек

Бир инсоннинг тақдирини ҳал қилиш осон эмас. Ҳатто у ашаддий жиноятчи бўлса ҳам. Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди ҳам судланувчи Жаҳонгирга жазо тури ва меъёрини белгилашда – айбига тўлиқ иқрорлиги, оилавий шароити, етказилган моддий зарар миқдори ва қопланганлиги, тайинланадиган жазонинг судланувчини қайта тарбияланишига таъсири, содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик хусусияти ҳамда жазони енгиллаштирувчи жиҳатларни қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатлар деб баҳолади. Судланувчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, айбланаётган модда санкциясида кўрсатилган озодликдан маҳрум қилиш жазосини энг кам миқдоридан ҳам камроқ жазо тайинлашни лозим деб топди, дейилади суд ҳукмида.


        1974 йилда туғилган Г.Жаҳонгирнинг жиноий «фаолияти» 1992 йилдан бошланиб, 1997, 1998, 2002, 2006, 2009, 2014, 2015 йилларгача давом этади. 2015 йилда ўғирлик жинояти учун 8 йилу 6 ойга қамалган Жаҳонгир 2023 йил апрель ойида озодликка чиқади. Озодлик ҳавосидан тўйиб нафас олишга улгурмай, уч ойгина «қўлини тийиб» юрган Жаҳонгир эски ҳунарини қўмсаб яна ўғирликка қўл уради. У 2023 йил 12 июль соат 15.30 ларда Чилонзор савдо буюм бозорида айланиб юриб, савдо дўконида савдо қилувчи, 1996 йилда туғилган К.Ўғилойнинг харидорлар билан чалғиганидан фойдаланиб, қаровсиз қолдирилган аёллар сумкасидан 3.000.000 сўм пулини ўғирлаб, воқеа жойидан яширинади.


          – Ўғирликнинг «ҳадисини» олган Жаҳонгир тергов жараёнида бозорга ўзига кийим сотиб олгани борганини, «қўли қандай қилиб кетиб қолганини» – гўё қўл ўзиники эмасдек – билмаслигини маълум қилди. Аёлнинг сумкасида 3.000.000 сўм эмас, атиги 850.000 сўм бўлганлигини ва пулларни қайтаришга тайёрлигини айтиб, ишонтиришга уринган бўлсада, аслида нияти ўғирлик бўлган, – дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, капитан Абдурауф Икрамов.    


        Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди очиқ суд мажлисида рецидивист Жаҳонгирнинг қилмишини кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми «г» банди («Ўғирлик») билан айбдор деб топди ва юқорида келтирилган енгиллаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олиб, кодекснинг 57-моддасини қўллаб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди.

Барча янгиликлар

Text to speech