Абдулазиз тўрт фарзанднинг энг кенжаси. Ота-онаси, икки опаси ва бир акасининг ардоғида эмин-эркин вояга етди. Бироқ эрка, танти бўлмади. Болалигидан тартиб-интизомли, қатъиятли, бир сўзлилиги, адолатпарварлиги билан тенгдошларидан ажралиб турарди. Тошкент вилояти Ижтимоий-иқтисодиёт коллежини битирибоқ Ўзбекистон Қуролли Кучлари сафига хизматга отланди. Йигитлик бурчини ўтаб қайтгач, 2011 йилда Республика ИИВ Тошкент метрополитенига хизматга кирди. Вазифаларига виждонан ёндашиши, зийраклиги, тиришқоқ ва ғайратлилиги боис кўп ўтмай Олмазор тумани ИИО ФМБ ЖТСБ 2-батальони 2-отряди ҳайдовчиси лавозимига ўтди. Хизмати давомида пойтахт ҳудудида тинчлик-осойишталикни таъминлаш жамоат тартибини сақлаш, айниқса, байрам олди, байрам тантаналари, халқ сайиллари, кўнгилочар тадбирларда жиноят, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ҳуқуқ-тартибот ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган рейдлар, тадбирларда кўплаб гиёҳвандлик моддалари, қидирувда бўлган шахсларни аниқлашда фаол иштирок этди. 2024 йилдан эса Абдулазиз Қаюмов Олмазор тумани ИИО ФМБ Навбатчилик қисми навбатчи ёрдамчиси лавозимида хизмат юритиб келмоқда. Лавҳамиз қаҳрамони юртимиз мустақилликни қўлга киритиб, истиқлол нашидасидан сипқориб нафас ола бошлаган илк йилида таваллуд топди. Ҳурлик, эркинлик ҳавосидан нафас олиб вояга етди.
Мен оддий ишчи оиласида туғилганман, – дейди сафдор Абдулазиз Қаюмов. – Мустақиллигимизнинг илк даврларида қандай қийинчиликлар ва фожиали воқеалар бўлганини катталардан эшитганман. Қийинчиликларга қарамай ўз йўлимиз ва ўз овозимизга эгалигимиз, эркинлик ва озодликка эришганимиз улкан ютуғимиз. Уни асраш ва ҳимоя қилиш бизнинг бурчимиздир. Ана шу йўлда заррадек ҳисса қўша олсам ўзимни бахтиёр ҳисоблаган бўлардим. Зотан, икки фарзандим бор.Уларга озод ва обод юрт қолдиришни, уларнинг бахтиёр яшашларини истайман. Ва бу йўлда бор куч, имкониятларимни сарфлайман.