Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан 2005 йилда таъсис этилган донорлар куни ҳар йили 14 июндан ўтказиб келинади. Қувонарлиси, ушбу тадбир қисқа вақт ичида юртимиз бўйлаб кенг қулоч ёзиб вазирликлар, идоралар, кенг жамоатчилик вакиллари томонидан қўллаб-қувватланди. Ижтимоий ёрдамга муҳтожларга ёрдам кўрсатиш, меҳр-мурувват намуналарини намоён этиш халқимизга хос хусусият. Мамлакатимизда халқимиз манфаатларини ҳимоя қилиш, фаровонлигини таъминлаш ҳамда соғлиқ-саломатлигини асраш ҳар нарсадан устунлиги маълум. Ички ишлар органлари хусусан, пойтахт ички ишлар бош бошқармаси таркибий тузилмалари, ҳудудий бўлинмалари тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож бўлганларни қўллаб-қувватлаш, беғараз ёрдам муҳитини кучайтириш, болалар саломатлигини муҳофаза этиш мақсадида уюштириладиган ҳар қандай тадбирларга хайрихоҳ. Жумладан, Бутунжаҳон донорлар куни муносабати билан юртимизда амалга оширилаётган “Бор меҳримиз сенга, болажон” шиори остида ўтаётган беғараз донорлик акциясига тезкорлик билан муносабат билдириб, ўз инсонийлик бурчини бажаришга ошиқдилар. Пойтахт Бош бошқарма ходимлари донорлик акциясида фаол иштирок этишиб, ушбу эзгу мақсадга йўғрилган тадбирга ўз муносиб ҳиссаларини қўшганидан, кимгадир, кимнингдир фарзандига ёрдам беролганидан мамнун эканликларини билдиришди.