Бугун ижтимоий тармоқлар орқали нопок ва ғараз ниятли кимсалар томонидан амалга оширилаётган кибержиноятларнинг турлари кўпайиб бораётгани бу борада аҳоли орасида кенг тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилиши, қайта-қайта огоҳлик ва ҳушёрликка чақиришни тақозо этмоқда. Кибержиноятчилар нафақат давлат идоралари балки фуқароларнинг ҳам пул маблағларини, шахсий маълумотларини осон қўлга киритиш орқали мўмай даромад топиш пайида ҳар қандай жиноий хатти-ҳаракатлардан фойдаланишмоқда. Бу салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун фуқароларнинг кибермаданиятини ошириш, кибермакондаги жиноий хатти-ҳаракатлардан огоҳ этиш, ҳуқуқий саводхонлиги, ҳимоя қалқонини шакллантириш мақсадида пойтахт ИИББ ҳудудий тузилмалари томонидан “Кибермаданиятни юксалтириш” ойлиги доирасида тарғиботлар олиб борилмоқда. Шундай тадбирларнинг навбатдагиси очиқ мулоқот, суҳбат тарзида Яшнобод туманида фаолият юритаётган Тошкент Механика заводи маъмурияти, ишчи-хизматчилари иштирокида ўтказилди. Унда туман ИИО ФМБ бошлиғи подполковник Шухрат Милиев ҳамда соҳа масъуллари қатнашиб, йиғилганларни кибермаконда авж олаётган кибержиноятларнинг турли-туман услублари ҳақида маълумотлар беришди. Шунингдек, улар ўзларига тегишли бўлган шахсий маълумотларини сир сақлаши, турли телефон қўнғироқлари, сохта, тасдиқланмаган хабарларга ишонмасликлари ҳақида огоҳлантирилди. Ижтимоий тармоқлар орқали мўмай даромад топиш ҳақидаги ваъдалар қаторида қадриятларимиз, миллийлигимизга ёт ғоялар, диний-экстремистик чақириқлардан ҳимояланиш бўйича тавсия ва йўл-йўриқлар берилди. Профилактик-тушунтириш суҳбати якунида масъуллар йиғилганларнинг мавзуга алоқадор кўплаб саволларига атрофлича жавоблар беришди. Бу каби “Хавфсиз ва соғлом юрт” доирасида ўтказилаётган профилактик тадбирлар пойтахтимизнинг барча туманларида кенг аҳоли қатламларини қамраган ҳолда ўтказилиши йўлга қўйилган.